Тадбир Ўзбекистон Отельерлар Ассоциацияси томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида ўтказилади.

2021 йилда туризм соҳаси олдида қилиниши керак бўлган кўплаб вазифалар бор: мамлакатга келаётган сайёҳлар оқимини ошириш, соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш, янги меҳмонхоналар ва дам олиш зоналарини қуриш, персонал тайёрлаш, бизнес жараёнларга илғор рақамли технологияларни татбиқ қилиш ва ҳ.к.

Тадбир меҳмондўстлик соҳасидаги долзарб тенденцияларни муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади ҳамда халқаро даражадаги етук мутахассисларни ўзида жамлайди.

«Hotel Business Forum – 2021»нинг спикер ва модераторлари отельерлар, туроператорлар, маркетологлар ва IT-компаниялар вакиллари бўлиб, улар инқирозни енгиб ўтишга доир энг яхши кейсларни сўзлаб беришади. Форум доирасида меҳмондўстлик индустриясидаги янги мукофот - Ўзбекистон меҳмондўстлиги миллий мукофоти тақдим этилади. Ушбу мукофот ҳар йили турли тоифалардаги энг яхши меҳмонхоналарга топширилади, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.