2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

  • олий таълим муассасалари (кейинги ўринларда - ОТМ) ҳузурида 24 та техникум ташкил этилади;
  • турдош ОТМ ҳамда асосий йўналишлари бўйича тармоқ ташкилотларига 213 та техникум бириктирилади;
  • 6 та техникум бир ОТМ тизимидан бошқа ОТМ тизимига ўтказилади;
  • Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги Жиззах хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми тугатилади.

Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

  • техникумлар ва академик лицейларда малака талаблари, ўқув режа ва дастурлар, ўқув-меъёрий ҳужжатлар таянч ОТМ томонидан тажрибали профессор-ўқитувчилар ва тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда ОЎМТВ томонидан тасдиқланади;
  • ОТМ ўзларига бириктирилган техникумларни ўқув-методик ҳужжатлар билан таъминлайди, таълим сифатини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширади ҳамда педагог кадрлари учун ўз бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан хорижий профессорлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда қисқа муддатли ўқув-семинарларни ташкил этади;
  • техникум директори бир вақтнинг ўзида тегишли ОТМнинг Илмий кенгаши аъзоси ҳисобланади;
  • техникумлар тегишли ОТМ билан биргаликда техникум ҳамда хорижий давлатлардаги таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш орқали техникумларда қўшма дастурлар асосида ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлашни ташкил этади;
  • техникумларда халқаро стандартлар (шу жумладан, Worldskills) асосида ўқув-устахоналарини ташкил этиш ва ўқувчиларни мазкур стандартларга мувофиқ тайёрлаш ҳамда келгусида ишчи касблар мусобақаларида уларнинг иштирок этишини таъминлаш тегишли ОТМнинг бевосита кўмаги асосида амалга оширилади.

Ҳар йили июль-август ойларида техникум битирувчилари учун ҳар бир туман ва шаҳарда иш берувчиларни жалб қилган ҳолда ярмаркалар, шу жумладан "Карьера куни" тадбирлари ўтказилади. Ўқув йили давомида ишлаб чиқариш ташкилотларида тасдиқланган режа-графиклар асосида "Очиқ эшиклар куни" ташкил қилинади.

ОЎМТВга Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб техникумларга қабул параметрларини шакллантиришда қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, хизмат кўрсатиш ва ахборот технологиялари каби соҳаларда ўрта бўғин кадрларини тайёрлашнинг давлат буюртмасини босқичма-босқич кўпайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифларни киритиш топширилди.

ОЎМТВ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ОТМга ўқишга кирмаган умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчиларини техникумлар ва коллежларда биринчи касб ёки мутахассисликлар бўйича бепул ўқитади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.08.2021 йилдан кучга кирди.

Эльмира Сиразиева.