Унга кўра, таълим гранти сони иккинчи ва ундан кейинги курслар учун бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги), таълим тили ва курслар кесимида талабалар сонидан келиб чиқиб, олий таълим ташкилоти ректори томонидан тўлиқ таълим гранти ва тўлиқ бўлмаган таълим грантига ажратилади.
Бунда:
тўлиқ таълим гранти — бир ўқув йили учун берилиб, ўқитиш харажати Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланадиган таълим гранти;
тўлиқ бўлмаган таълим гранти — бир ўқув йили учун берилиб, тўлов-контракт суммасининг 50 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланмайдиган таълим гранти.
Жорий ўқув йили якунида грант тақсимоти учун аризалар 15 июлдан 20 июлга қадар қабул қилинди. Янги ўқув йили учун қайта тақсимланган грант натижалари эълон қилинмоқда.
Грант учун даъворгарлик қилган талабгорлар ҲEМИС платформасидаги шахсий кабинетлари орқали грант натижаларини кўриб олишлари мумкин.