Қарор лойиҳасида Ўзбекистонда илк марта масофавий таълим шакли учун ҳам алоҳида давлат буюртмаси параметрларини ажратиш кўзда тутилган.

Унга кўра, 2022-2023-ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрларини:

бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

кундузги таълим шаклига – 76 728 нафар;

сиртқи таълим шаклига – 27 365 нафар;

кечки таълим шаклига – 2 575 нафар;

масофавий таълим шаклига – 3 610 нафар;

магистрлар тайёрлаш бўйича – 11 082 нафар;

хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича – 100 нафар этиб тасдиқлаш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, қарор лойиҳасида 2023-2024-ўқув йилидан бошлаб:

барча давлат олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси параметрларини фақатгина давлат грантлари бўйича тасдиқлаш;

тўлов-контракт асосидаги қабул ўринларини эса олий таълим муассасалари, молиявий ва академик мустақиллик берилган олий таълим муассасаларининг Кузатув кенгашлари, бўйсунувига кўра тегишли вазирлик ва идоралар, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқлаш таклиф этилмоқда.