Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев, инспекция мутасаддилари ва олий таълим бўйича россиялик эксперт Андрей Волков ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистонда олий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, ОТМларни нуфузли халқаро рейтингларга киритиш бўйича кун тартибида турган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув давомида инспекция бошлиғи тажрибали экспертга инспекция фаолияти ва мамлакатда олий таълим тизимида сифат кўрсаткичларини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтар экан, мазкур жараёнлар Ўзбекистон учун жуда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
— 2018 йилдан бошлаб олий таълим муассасаларининг миллий рейтингини аниқлаш тизимини йўлга қўйдик. Мазкур тизим орқали ОТМларнинг нафақат моддий техник базаси, балки, илмий салоҳияти, тадқиқотларни амалга ошириш қобилиятига ҳам баҳо бериш имкониятига эга бўлдик. Мазкур жараёнда кўзга кўринган энг муҳим жиҳатлардан бири эса олий таълим муассасаларида фундаментал фанлар кенгроқ ривожланган. Яъни амалий фанларни такомиллаштириш бўйича кун тартибида турган масалаларимиз йиғилиб қолган.
Албатта, бу каби жараёнлар Россия тажрибасида бир неча йиллар олдин босиб ўтилган. Шундай экан, бу бўйича ўзаро тажриба алмашишимиз ҳар икки мамлакат тизими учун фойдадан холи бўлмайди, — деди Улуғбек Тошкенбоев.
Ўз навбатида, Андрей Волков учрашув учун миннатдорлик билдирар экан, Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимиздаги 2 та олий таълим муассасасини 2030 йилгача халқаро рейтинглардаги биринчи 500 таликка, 8 та олий таълим муассасасини биринчи 1 000 таликка киритиш учун тегишлича “2+500” ва “8+1 000” лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Мазкур лойиҳа ижрочилари бўлган университетларни танлашда 12-15 кишидан иборат мустақил-халқаро экспертлар кенгаши тузилиши керак. Бунда кенгаш аъзоларининг ярми бошқа мамлакатлардан бўлиши, ҳатто бошқа қитъалардан танланиши қарор қабул қилишда маҳаллийчилик ва таниш-билишчилик каби нуқсонларнинг олдини олишга хизмат қилади. Кенгаш аъзоларини тўғри танлашнинг ўзи катта масъулият. Чунки экспертлар ҳам бошқарув соҳасида, ҳам илм-фан борасида етарли тажриба ва салоҳиятга эга бўлиши талаб қилинади. Шунингдек, кенгаш аъзолари орасида йирик бизнес вакиллари бўлиши ҳам муҳим. Чунки таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан боғлаш орқали таълим натижасининг иқтисодиёт ўсишига кескин таъсирига эришиш мумкин. Мазкур кенгаш университетлар томонидан тақдим қилинадиган режаларни ўрганиб чиққан ҳолда керакли хулоса бериш орқали университетларни молиялаштиришга тавсия беради.
Кенгаш ишида университет ректорлари ўз режаларини баён қилади. Бу жараён тўлиқ савол-жавоблар ва муҳокамалардан иборат бўлади. Иштирокчи университетлар кенгашда ўз имкониятларини, таълимдаги кўрсаткичлари билан бир қаторда келгуси 5 йиллик стратегик режалари, уларни амалга ошириш механизмларини тўлиқ намойиш қилишади. Шундай сўнг кенгаш аъзолари таклиф этилаётган режанинг пухта ишлаб чиқилганлиги, уни амалга ошириш гуруҳининг мавжудлиги, танланган мақсадларнинг замон талабига мослиги ва бошқа жиҳатларига эътибор берилади.