Интернет оламида ўзбекча матнли маълумот ва видеоконтентларни кўпайтириш учун бошланган саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини бера бошлади. “WikiStipendiya marafoni” бошланган пайтда Википедияда она тилимизда 140 минг 348 та мақола жойланган бўлса, ҳозир улар сони 183 мингдан ошди.
Таҳрир қилинганлари сони ўша пайтда 2,5 мингдан ортиқ эди, айни пайтда 3 мингга яқинлашди. Фаол фойдаланувчилар сони эса икки баробар кўпайган.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида “Википедия” информацион порталини ўзбек тилидаги маълумотлар билан бойитиш ҳамда сунъий интеллект тизими орқали ишловчи овозли мобиль ёрдамчининг ўзбек тилидаги муқобили тақдимотига бағишланган давра суҳбатида бу алоҳида қайд этилди.
Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда жаҳон интернет тармоғида ўзбек тилидаги сифатли маълумотларни кўпайтириш мақсадида шу йил 20 майдан 20 декабрга қадар ўтказилаётган “WikiStipendiya marafoni” доирасида қилинаётган ишлар, жумладан, университет талабаларининг лойиҳа бўйича фаолияти ҳақида маълумот берилди. Интернетнинг миллий сегментида ўқувчини жалб қила оладиган, тарихимиз, маданиятимиз, қадриятларимиз ҳақида ишонарли ва қизиқарли маълумот берадиган контентларни ошириш бугуннинг муҳим талаби экани қайд этилди.
— Дунёдаги энг машҳур энциклопедияни ўзбек тилидаги мақолалар билан бойитиш — ҳар бир талаба олдидаги муҳим вазифа. Дейлик, Ўзбекистонда 1 миллион талаба бўлса, ҳар бири биттадан мақола ёзганда ҳам бир миллионта мақола бўлади. Бироқ яқин-яқингача бундай мақолалар сони 140 мингтадан ортиқроқ бўлган. Борлари ҳам таҳрирланмаган, маълумотлари эскирган эди, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев.
Бир гуруҳ ташаббускор ёшлар мана шу хайрли ишга ҳисса қўшиш учун “WikiStipendiya marafoni” лойиҳасини бошлади. Натижа ёмон эмас. Дунёдаги энг машҳур энциклопедияда ўзбек тилидаги мақолалар сони ортиб бораётгани, ўзбекча википедия икки поғона юқори кўтарилиб, 55-ўринга чиққанининг ўзиёқ бошланган ишларнинг илк самарасидан далолат беради. Энг муҳими, жараён изчил давом этяпти.
Лойиҳа ташаббускорлари энциклопедияга мақола киритишни сезиларли даражада осонлаштирди. Энди унга исталган одам маълумот кирита олади. Келгусида алифбо ислоҳ қилинса нима бўлади, деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Бунинг ҳам ечими топилган. Махсус дастур орқали ҳамма мақолани янги алифбога ўтказиш имконияти мавжуд.
— Хайрли ишда биз ҳам четда турмаймиз. Уч ярим минг талаба, 350 нафар профессор-ўқитувчимиз бор. Мана шу жамоа билан бирга интернетда ўзбек сегментини бойитишга ҳисса қўшамиз, — деди университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа. — Бу лойиҳа катта ҳаракатга айлантирилади. Зеро, бу тарихимиз, маданиятимиз, қадриятларимиз ҳақида ишонарли ҳамда қизиқарли маълумот берадиган контентлар кўпайиши билан бирга ёшларда ватанпарварлик туйғуси янада камол топишига хизмат қилади.
Тадбирда агентлик мутахассислари овозли ёрдамчиларнинг ўзбек тилида гапирадиган муқобили ҳақида батафсил тушунча берди. Бу ишланма билан шуғулланаётган дастурчи Бахтиёр Ҳасановнинг лойиҳаси ҳозир овоз йиғиш жараёнида. Овозли ёрдамчини яратиш учун камида 10 минг соат овозли маълумот тўплаш керак.
— Айни пайтда жуда кўп одам сунъий интеллект-ёрдамчидан фойдаланади, — деди А.Саъдуллаев. — Айниқса, кўришида муаммоси бор ёки имконияти чекланганлар учун бу ақлли ишланма айни муддао. Уларнинг мулоқотга киришишига кўмаклашадиган бу лойиҳа кўплаб йўналишларда функцияларни бажаради. Айни пайтда 150 нафар энг иқтидорли йигит-қиз ўзбек тилида сўзлайдиган мазкур овозли ёрдамчига керакли жумлаларни ёздирмоқда.
Тадбир доирасида ЎзЖОКУда ташкил этилган шахмат клубининг очилиш маросими ҳам ўтказилди.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири