Туман марказидан бу ерга етиб келиш учун салкам 200 километр масофани босиб ўтишга тўғри келади. Овулда яшаётган мингга яқин аҳолининг асосий қисмини қозоқ, шунингдек, туркман миллатига мансуб юртдошларимиз ташкил этади. Улар ўз миллий анъаналари, санъати ва маданияти, тилини сақлаб, кейинги авлодларга безавол етказиши учун ҳамма шароит яратилган. Кейинги йилларда овулда олиб борилган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида унинг қиёфаси буткул ўзгарди.
Халқаро аҳамиятга эга трассадан овулга олиб борадиган йўл ҳамда ички кўчаларга асфальт қопламаси, тош-шағал ётқизилди, пиёдалар йўлаклари барпо этилди, ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш юмушлари олиб борилди. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари янгиланди, электр энергияси, тунги ёритиш, газ таъминотини яхшилаш юзасидан ишлар бажарилди. Ўзгаришлар жараёнида овул аҳлининг узоқ йиллик яна бир орзуси ушалди, мавжуд хонадон ва ижтимоий соҳа объектлари сифатли ичимлик суви билан барқарор таъминланяпти. Аҳамиятлиси, бу ерда барпо этилган янги шифохона, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, фуқаролар йиғини биносида яратилган шароитлар шаҳарлардагидан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам эмас. Энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий масалалар – ҳудудда саноатни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш юзасидан ҳам бир қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиляптики, буларнинг ўзи бир алоҳида мавзу.
Шу маънода, мамлакатимиз бўйлаб «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик» шиори остида кенг миқёсда ўтказилаётган уч авлод учрашувлари, ёшлик, халқлар дўстлиги байрамларининг навбатдагиси айнан мана шу гўшада ташкил этилгани катта рамзий маънога эга бўлди.
Пешку, Ромитан, Қоровулбозор, Шофиркон, Ғиждувон туманлари, шунингдек, Навоий вилоятидан келган меҳмонлар, авваламбор, овулликлар ҳаётида рўй бераётган янгиланишлар билан яқиндан танишди.
Илгари оддий лаборатория текширувлари учун ҳам одамлар туман марказига йўлланган бўлса, эндиликда замонавий ва шинам, қишда иссиқ, ёзда салқин бўладиган мўъжаз шифохонада Жонгелдидан ташқари қўшни Қалъаота ва Сафрон овуллари аҳолисига ҳам шу ернинг ўзида сифатли тиббий хизмат кўрсатиляпти. Электрокардиограмма, ультратовушли текширув аппаратлари, қолаверса, умумий амалиёт шифокорлари билан бирга, терапевт, педиатр мутахассислар, 10 ўринли кундузги стационар, жарроҳлик, болалар ва тез тиббий ёрдам бўлимлари, стоматология, ижтимоий дорихона. Хуллас ҳаммаси бир жойда мужассам.
Ўзбекистонда мустаҳкам қарор топган халқлар дўстлиги, ёшлик, меҳр-оқибат муҳитини Бухородаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ҳам ҳис қилишди. Ҳиндистондан келиб, Бухоро давлат тиббиёт институтида аъло баҳоларга ўқиётган талабалар уч авлод учрашувининг фаол иштирокчисига айланган.
Ўзбек атласи ва адраси. Азалий қадриятларимиз, миллийлигимиз ифодаси бўлган ушбу матодан тикилган либосда ҳар қандай аёл, у қайси миллатга мансуб бўлмасин, янада гўзал ва латофатли бўлади.
Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик намойиши миллий қадрият ва анъаналар, санъат ва маданият тақдимотларига уланди.

Ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдирди.
Жонажон Ўзбекистонимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бундай бебаҳо бойликни муттасил мазмунан бойитиб бориш масалалари анжуманда сўзга чиққанлар нутқида, дастурхон атрофидаги гурунгларда, ижро этилган куй-қўшиқ ва рақсларда ҳам алоҳида ажралиб турди. Она Ўзбекистон тараққиёти йўлида бир мушт бўлиб яшаш, меҳнат қилиш, келгуси авлодларни шу руҳда камол топтириш муқаддас бурч экани бир овоздан баралла янгради.

Ўзбекистон Қаҳрамонлари, ватанимизнинг бошқа юксак мукофотларига лойиқ кўрилган турли соҳа вакиллари, ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган отахон ва онахонлар, жамоатчиликнинг таниқли намояндалари, ёшлар вакиллари. Айнан шу кечада уларнинг барчаси учун янги марралар белгилаб олинди, Янги Ўзбекистон учун янги ташаббуслар, ғоялар илгари сурилди. Улар эса шубҳасиз реал ҳаётий натижаларга айланиб, юртимизни тараққиётнинг янада баланд чўққиларига олиб чиқишга хизмат қилади.
Бухоро вилояти ҳокимлиги матубот хизмати.