Аҳолига давлат хизматларининг юқори сифатда кўрсатилиши, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг олдини олмоқда.

Айни кунда Давлат хизматлари марказлари орқали 170 дан ортиқ хизматлар кўрсатилмоқда. Аҳолини ортиқча оворагарчиликлардан халос этиш мақсадида — Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали жисмоний ва юридик шахсларга 300 дан ортиқ электрон давлат хизматлари тақдим этилмоқда.

Бугун деярли ҳар бир одамнинг қўлида мобиль алоқа воситаси бор. У орқали кўплаб сайтларга, телеграм каналларга кириб маълумотлар олиш қийин эмас.  Сиз уйда, иш жойингизда ёки сафарда бўлсангиз ҳам my.gov.uz платформаси орқали анча-мунча ишингизни битказиб оласиз. Бунда ҳам вақтдан, ҳам нақддан ютасиз. Сабаби, хизматлардан фойдалансангиз йўл харажати сарфламайсиз, my.gov.uz орқали хизматлардан фойдаланишда 10 фоизлик чегирма ҳам мавжуд.

Тошкент вилоятидаги мавжуд 22 та Давлат хизматлари марказларида аҳоли учун кўплаб қулайликлар яратилган бўлиб, улардан бири ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жойларининг ташкил этилганлигидир. Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жойлари барча жиҳозлар билан таъминланиб интернет тармоғига уланган. Агарда сизга мутахассислар кўмаги зарур бўлса, албатта улар ёрдамга келади. Компьютер саводхонлиги ва my.gov.uz порталидан фойдаланиш кўникмаларингизни оширишингиз мумкин. Давлат хизматлари марказларида ташкил этилган ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари сизга энг яқин кўмакчи бўлади.  

Маълумот ўрнида, шу кунгача Тошкент вилоятидаги марказларда ташкил этилган ўз-ўзга хизмат кўрсатиш бурчаклари орқали 1586 нафар фуқаро давлат хизматларидан фойдаланган.

ДХА Тошкент вилояти бошқармаси

матбуот хизмати