Миллий матбуот марказида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан “Халқаро алоқаларнинг янги босқичи: ўзаро ҳамкорликдан амалий натижалар сари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуман Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий матбуот маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Марказнинг халқаро алоқалар соҳасидаги фаолияти ва келгусидаги режалари ҳақида Марказ директори Ш.Миноваров батафсил маълумот берди. Жумладан, халқаро алоқаларни йўлга қўйиш ва хорижий турдош ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш Марказ фаолиятининг устувор йўналишлардан бири эканлиги таъкидланди.
Жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ҳақида батафсил маълумот етказиш, мақсад ва вазифалари, тузилмаси ва мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш мақсадида Марказ томонидан мунтазам тақдимотлар, мулоқотлар ҳамда конференциялар ўтказиб келинмоқда.
Ҳамкор вазирлик ва муассасалар вакилларининг хорижий сафарлари давомида таништириш ва тақдим этишлари учун Марказ ҳақидаги буклет, видео ва электрон тақдимот материаллари мунтазам тайёрланиб, хорижда кенг ёритилаётганлиги ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, келгусида ушбу йўналиш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди, ОАВ вакилларининг саволларига жавоб қайтарилди.
Азиза ШАРОФИДДИНОВА,
Тошкент шаҳар Шайхонтохур туманидаги 40-мактаб ўқувчиси