Хусусан, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган қатор Фармон ва Қарорлар, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги ҳамда Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви ҳамкорлигида «Коррупция давлат ва жамият тараққиётининг кушандаси – унга қарши биргаликда курашайлик» мавзусида ўтказилган вебинарда бу борада тизимда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастурининг ижроси юзасидан «Ўзархив» агентлиги тизимида ҳам қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Жумладан, халқаро ISO 37001:2016 «Коррупцияга қарши ҳаракат бошқаруви тизими» Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архивида муваффақиятли жорий этилган ва мувофиқлик сертификат олинган. Шунингдек, коррупцияга қарши доимий курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида архив ички фаолияти бўйича ҳужжатлар жорий қилиш, ходимлар хатти-ҳаракатларини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ҳамда зарур ҳолларда ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Вебинарда қабул қилинган ҳужжатлар ва дастурларда белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш, энг асосийси коррупцияга қарши жамоавий курашишни тарғиб қилиш мақсадида «Ўзархив» агентлиги марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ҳамда вилоят, шаҳар, туман давлат архивлари раҳбар-ходимлари иштирокида халқаро ISО 37001 «Коррупцияга қарши ҳаракат бошқарув тизими – қўллаш учун талаб ва таклифлар» стандартида келтирилган талаблар ва таклифларни чуқур ўрганиш ва тарғибот қилиш, келгусида ушбу стандартни иш фаолиятига жорий этиш борасида зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, “CERT ACADEMY GROUP” халқаро ўқув муассасаси экспертларининг коррупцияга қарши курашишга доир маърузалари тингланди. Жумладан, архивлар фаолиятида ички жараён ҳужжатларини ишлаб чиқиш, коррупция рисклари бўлиши мумкин бўлган фаолият йўналишларини аниқлаш, уларга қарши ҳаракат механизмлари ишлаб чиқиш юзасидан амалий тавсиялар берилди.