Автомобилсозлик саноатининг 1500 дан ортиқ ишчи ходимлари япон софораси, каталпа, қарағай, кул, чинор ва шу каби манзарали туп дарахт кўчатларини экишда иштирок этишди. Тадбир шаҳарларни кўкаламзорлаштириш ва мамлакат экологиясини яхшилаш мақсадида, шунингдек Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш ва туризмни ривожлантириш давлат дастури асосида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан республика миқёсида ôтказилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

Лойиҳа уч босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Унинг ҳар бир босқичида ажратилган майдоннинг 30 гектарига кўчат экилади. Ресурслардан самарали фойдаланиш мақсадида барча кўчатлар ҳудуднинг иқлим ва тупроқ хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда танлаб олинган. Бундан ташқари, «Яшил макон» дастурини амалга ошириш учун олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида тарқоқ томорқаларда экилган кўчатлар катта эҳтимол билан қаровсиз қолиб кетиб, нобуд бўлиши аниқланди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғини бажариш ва самарадорлигини ошириш мақсадида, катта майдонда марказлашган ҳолда дарахт экиш ташкил этилди. «УзАуто» томонидан яратилган парк ҳудудини кейинчалик сақлаш учун сунъий томчилатиб суғориш тизими ўрнатилади. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик доирасида мажмуанинг дам олиш инфратузилмасини яхшилаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилади.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, унинг туризм салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, ўрмон паркини парвариш қилиш мақсадида яқин атрофдаги аҳоли пунктларида яшовчи аҳоли учун доимий иш ўринлари яратилади.