Деярли ўттиз йилдан буён тўлиқ таъмирланмаган Ўзбек давлат цирки биносининг ҳолати журналистлар ва кўплаб юртдошларимиз томонидан танқид қилиб келинганлигидан хабарингиз бор. Куни кеча Маданият вазири Озодбек Назарбеков “Кутилмаган ташриф” лойиҳаси доирасида циркка ташриф буюриб, бино ҳолати, ходимларнинг ишлаш шароити, шунингдек, сақланаётган ҳайвонларнинг яшаш тарзи билан танишди. Цирк фаолиятини ривожлантириш, уни Европа стандартларига мослаштириш ва узоқ йиллар таъмирталаб ҳолатда бўлгани боис сарфланадиган харажатлар миқдори юзасидан мутасаддилар билан фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, эндиликда Маданият вазири тизим ташкилотлари, маданий ёдгорликлар, театр, хиёбон ва музейларга сиз кутмаган вақтда ташриф буюриб, объект ҳолати билан шахсан танишиб боради. Ташриф давомида муаммо ва камчиликлар ўрганилади, ходимлар фикри тингланади, қилиниши керак бўлган ишлар режаси тузиб чиқилади.