Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон ва Финляндия ташқи ишлар вазирликлари, Финляндиянинг таълим ва маданият вазирлиги, таълим дастури, миллий таълим агентлиги, Finnpartnership дастури ҳамда Ўзбекистондаги фахрий консуллиги ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда икки мамлакатдан юздан ортиқ турли ташкилот ва компания вакиллари иштирок этди.
Ушбу тадбир икки мамлакат ўртасида таълим соҳаси бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, Финляндия ва Ўзбекистон компаниялари учун ўзаро алоқа платформасини яратиш ва шу орқали таълим хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар ва компаниялар учун мос ҳамкорлар топиш ва янги ҳамкорлик ғояларини амалга оширилиши учун зарур шароит яратиш мақсадида ташкил қилинди.
Конференция кун тартибидан Ўзбекистон ва Финляндия мамлакатлари таълим тизими барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни тезлаштириш, мазкур жараёнда амалга ошириладиган лойиҳалар учун яратиладиган имкониятлар ҳамда кўрсатиладиган хизматлар, таълим соҳасида икки давлат ҳамкорлиги борасида эришилган натижалар билан боғлиқ масалалар ўзаро ўрин олди.
бу борада амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди:
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан Финляндия таълим тизимидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва юртимизда татбиқ этиш борасидаги ишлар 2020 йил ноябрь ойидан бошланган бўлса, ўтган бир йил муддат ичида узлуксиз ва тизимли ишлар амалга оширилди, — деди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев. — Хусусан, Навоий вилоятидан 8 нафар 9-синф битирувчисининг Лаппеенранта шаҳрида 3 йил давомида ўқишини фин томонидан молиялаштиришга келишилди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Финляндиянинг Турку амалий фанлар университети ҳамкорлигидаги қўшма таълим дастури ташкил этилди. Шунингдек, мазкур университет билан ҳамкорликда Самарқанд давлат университети қошида Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу таълим даргоҳи педагогика таълим соҳаси учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш, соҳага Финляндиянинг илғор таълим технологияларини жорий қилиш мақсадида ташкил қилинган.
Бугунги тадбир юқоридаги ишларимизнинг узвий давоми ҳамда келгусида кўплаб янги ҳамкорлик лойиҳаларининг асоси бўлиб хизмат қилади деган умиддамиз. Бу эса ҳамкорликлар доирасининг янада кенгайиши ҳамда таълим хизмати сифатининг ошишига ва амалий натижаларимизнинг ҳар икки мамлакат таълим ривожига ҳисса қўшишига омил бўлади.
ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси таълим шуъбаси раҳбари Дипа Шанкар ҳамкорликда амалга ошириш режалаштирилаётган лойиҳаларнинг аҳамиятига тўхталар экан, ЮНИСEФ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Таъкидлаш лозим, мазкур ҳамкорлик лойиҳаларида қатнашиш учун мамлакатимиздаги илмий тадқиқот марказлари ва институтлар, олий таълим муассасалари, ўқув марказлари, нодавлат мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларининг таълим соҳасига йўналтирилган турли бизнес лойиҳалари орасидан 32 та ташкилот таклифлари саралаб олинди. Тадбир давомида мазкур ташкилотлар вакиллари ўз лойиҳалари бўйича Финляндия вакилларига қисқача тақдимот ўтиб беришди.
Ўз навбатида Финляндия томонидан Ўзбекистон билан ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш истагида бўлган 23 та ташкилот ўз тақдимоти билан қатнашди. Ушбу ташкилотларнинг қисқача тақдимоти Финляндия ва Ўзбекистон компаниялари учун алоқа платформасига жойлаштирилди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 12 октябрь ҳамда 9 ноябрь кунлари тадбирнинг кейинги босқичлари ўтказилиши режалаштирилган. Бунда томонлар гуруҳларга бўлинган ҳолда бизнес лойиҳалари бўйича амалга ошириладиган ҳамкорлик алоқалари бўйича батафсил маълумот бериш ҳамда истиқболдаги режаларни ўзаро муҳокама қилиш имкониятига эга бўлади, дейилади инспекция ахборот хизмати хабарида.