“Агар сайёҳ шаҳарнинг шовқин-суронидан чарчаган бўлса, руҳий қулайликни ҳис қилиш учун гўзал табиат қўйнида дам олиши керак, – дейилади мақолада. – Бу туйғуни ўзбек қишлоқларида ҳис қилиш мумкин. Ўзбекистон туристик компаниялари қишлоқ аҳолиси ҳаётини кўриш, чекка қишлоқда ёки чодирларда яшаш, тўй маросимида қатнашиш, фарзанд туғилиши муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш, саҳроларда от ёки туя миниш, ноёб ҳайвонларни томоша қилиш каби турли саёҳатларни таклиф этади”.

Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон қишлоқларининг ўзига хослиги унда қадимий мероснинг сақланиб қолганлигидир.

“Ўтов манзилгоҳлари. Агар бирор бир сайёҳ Ўзбекистоннинг шимолий халқлари маданияти билан танишишни, уларнинг қадимий турмуш анъаналари ва мусаффо табиат қўйнида маҳаллий халқнинг турмуш тарзи билан танишишни истаса, сайр қилиш учун ўтов манзилгоҳларини танлаши мумкин. Ўтов манзилгоҳлари эгалари билан бирга от, қорамол, парранда боқиш, балиқ овлаш, сабзавот ва мева етиштириш каби кўплаб ишларни ўрганади. Табиатнинг беғубор текисликларда ҳаёт гавжум бўлади”,- қайд этади электрон нашр.

Материалда таъкидланишича, ўзбек ўтов манзилгоҳлари анъанавий кўчманчи аҳоли пунктлари кўринишида қурилган. Чодирлар бутунлай экологик тоза материаллар бўлмиш ёғоч ва кигиздан ясалган бўлиб, ҳар бир чодир тахминан 5 кишини сиғдира олади.

“Ўтов манзилгоҳида ҳар бир сайёҳ қадимий цивилизация поёнида, замонлар аро саёҳат қилиб, бир пайтлар карвонлари шу ердан ўтган кўчманчи ва савдогарларни, умуман эса қадимий Ипак йўли ифорини ҳис этади, – дейилади материалда. – Одатда ўтов манзилгоҳларида қолиш турли хил экзотик хизматларни ҳам ўз ичига олади: туя миниш, кунига уч маҳал овқатланиш, чексиз юлдузли осмон остида ва миллий фольклор намойишлари билан гулхан атрофида ва табиат қўйнидаги сайрлар шулар жумласидандир”

Мақола якунида, “Ўзбекистондаги энг машҳур ўтов манзилгоҳлар қаторига “Айдаркўл” кўлидан 10 километр узоқликда жойлашган “Айдар”, Нурато шаҳри яқинидаги “Сафари”, Орол бўйидаги “Мўйноқ”, “Аёз қалъа” ва бошқалар киради”, – деб ёзади “Swift News”.