Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда “Ўзбек тилини ўқитишнинг энг яхши методикаси” мавзуида илмий-ижодий ишлар танлови ўтказилди. Вазирликнинг тил бўйича раҳбар маслаҳатчиси Одина Жамолдинованинг маълум қилишича, танловга республика миқёсидаги олий таълим муассасаларидан 300 га яқин иш келиб тушди.
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, олий таълим муассасаларида ўзбек тилининг ўқитилишини такомиллаштиришга қаратилган илмий-услубий фаолиятни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган танлов филологик, нофилологик ва методик йўналишларда ўтказилди.
Якуний натижаларга кўра, филологик йўналишда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Зулхумор Холмонова тилшунослик назариясини ўқитишда интегратив ёндашув Олий таълим муассасаларининг филология йўналишлари учун) ҳақидаги ўқув қўлланмаси билан 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўринни Бухоро давлат университети ўқитувчилари Меҳринисо Абузалова ва Гули Тоирова, 3-ўринни эса Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти профессори Равшанхўжа Расуловлар банд этдилар.
Нофилологик йўналишда Нукус давлат педагогика институти ўқитувчилари Шахло Юлдашева, Дурдона Кабулова ва Гулара Юсуповалар Таълим қардош (қорақалпоқ, қозоқ, туркман) тилда олиб бориладиган бакалавр йўналишлари учун Ўзбек тили дарслиги билан 1-ўринга сазовор бўлди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Хадича Муҳиддинова 2- ўрин, Тошкент давлат педагогика университети доценти Саодат Адилова учинчи ўринни эгаллади.
Педагогика фанлари номзоди Бухоро давлат университети доценти Дилором Юлдашева олий ўқув юртлари учун мўлжалланган Ўзбек тилини ўқитиш методикаси дарслиги билан методик йўналишда ғолиб деб топилди. Шунингдек, мазкур йўналишда Рустам Юлдашев, Кларахон Мавлонова ва Лобар Миржалолова 2-ўринни, Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси Манзура Эрназарова ҳамда талабаси Муҳтарам Ҳусенова билан биргаликда учинчи ўринни қўлга киритди.
Ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб ўтди.
Ҳар бир йўналиш бўйича танлов ғолиблари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан пул мукофотлари билан рағбатлантирилди. Хусусан, 1-ўрин-11 150 000 сўм (БҲМ 50 баробари), 2-ўрин — 7 805 000 сўм (БҲМ 35 баробари), 3-ўрин - 5 575 000 сўм (БҲМ 25 баробари) миқдорида.