Грузия Бош вазирининг 2022 йил мамлакатимизга ташрифи чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиб, икки томонлама амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинганди.

Тбилиси шаҳрида 17 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили бошчилигида икки мамлакат ҳукуматлари делегацияларининг йиғилишида Олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Иқтисодий ҳамкорлик, саноат кооперациясини кенгайтиришга кўмаклашиш мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Товар айирбошлаш ҳажми ўсиб бормоқда. Келгусида уни янада ошириш имконияти бор.

Йиғилишда Ўзбекистон томони Грузияга электротехника маҳсулотлари, автомобиллар, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, сархил ва қуруқ мева-сабзавотлар, полимер ва кимё маҳсулотлари етказиб беришга тайёрлиги билдирилди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда икки давлат компаниялари иштирокида амалга оширилиши режалаштирилган кўплаб инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари рўйхати имзолаш учун тайёрланган.

Йиғилишда транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Грузиянинг бой маданий ва тарихий мероси туризм соҳасини янада ривожлантириш, маданий-гуманитар алмашинувларни кўпайтириш учун қулай замин яратмоқда.

Бунинг учун келгусида биргаликда турлар ташкил этиш, меҳмонхона бизнесида сайёҳлик компаниялари ва тузилмалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур.

Йиғилиш якунида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Грузияга расмий ташрифи доирасида 18 июль куни Батуми ва Поти шаҳарларидаги портлар фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди.

Бош вазирнинг матбуот хизмати.