Мулоқотда Ўзбекистонга йирик ва майда шохли қорамол терисини етказиб бериш масаласи муҳокама этилди.

Учрашувда меҳмонлар қайд этганларидек, бугунги кунда Қирғизистонда 2 та терини қайта ишлаш заводи мавжуд. Лекин уларнинг қуввати мамлакатдаги хом ашёни қайта ишлаш учун етарли эмас. Шу боисдан бугунги кунда тери хом ашёси экспорти фаол кўриб чиқилмоқда.

Ушбу масала Ўзбекистон учун чарм-пойабзал саноати бўйича мамлакатимизда хом ашё хабини ташкил этиш борасида долзарб аҳамиятга эга. Ҳозирда Ўзбекистон йилига 23 миллион дона терини қайта ишлаш салоҳиятига эга. Айни босқичда мамлакатимиз корхоналари нафақат юртимиздаги балки, Марказий Осиёда ҳосил бўлаётган терини тўлиқ қайта ишлаш имкониятига эга. Тожикистон билан бу борада ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

«Ўзчармсаноат» уюшмаси раҳбарияти меҳмонларга Давлат томонидан соҳанинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши натижасида тармоқ сезиларли ривожланаётгани, сўнгги тўрт йилда эришилган ютуқлар тўғрисида маълумот берди.

Қайд этиш керак, тери хом ашёсини қайта ишлаш йўналишида мамлакатимизда 70 дан ортиқ корхона фаолият олиб боради. 2020 йилда 1,4 миллион дм. тайёр чарм ишлаб чиқарилган. Қисқа вақт ичида терини иккиламчи (краст) ва учламчи (финиш) босқичидаги чарм ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли қамраб олинган.

Мулоқот якунида томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича учрашувнинг навбатдаги босқичини ўтказишга келишиб олди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.