А.Абдуҳакимов Ўзбекистонни Венгриянинг Европадаги ишончли ва узоқ муддатли шериги деб билишини таъкидлади. Икки давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқоти ва улар ўртасида ўрнатилган алоқалар томонларнинг кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга билдирган қизиқишидан далолат беради. Жорий йилнинг 29-30 март кунлари Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Ўзбекистонга биринчи расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» нинг ўз вақтида бажарилиши бу гапимизнинг яна бир тасдиғидир.

Учрашув чоғида Венгрия ташқи ишлар вазирига БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида Ўзбекистоннинг номзодини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирилди. Қайд этилишича, Ўзбекистон томон Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги келишув мувофиқлаштирилиши ва имзоланиши эрта якунланишига ишонч билдиради.

Томонлар ҳамкорликнинг маданий-гуманитар йўналиши кенгайиб бораётганини таъкидладилар. Хусусан, шу йилнинг май ойида Венгриянинг турли олий ўқув юртлари раҳбарларидан иборат катта делегациянинг Тошкент шаҳрига ташрифи, Ўзбекистон-Венгрия ректорлари биринчи форумининг ўтказилиши шулар жумласидандир. Венгрия университетларида ўқиш учун Ўзбекистон вакилларига 100 та квота ажратилгани ва Дербетсен университети филиалини очишга доир ишлар таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги фаол ҳамкорликдан далолат беради.

Икки мамлакатнинг илм-фан соҳаси вакиллари ва тадқиқотчилари ўртасида ҳам яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Масалан, Лоранда Эотвош номидаги Будапешт университети профессори, Шарқшунослик институти директори Бенедек Перри билан биргаликда Венгрия Фанлар Академияси кутубхонасида сақланаётган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Маълумот учун: ҳозирда Пери Ф. Навоийнинг «Маҳбуб-ул қулуб» асарини - инглиз тилига, «Бобурнома» асарини эса венгер тилига таржима қилмоқда.

Учрашувда сайёҳлар алмашинувини қайта тиклаш ҳамда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида сайёҳлар оқимини сезиларли даражада ошириш бўйича аниқ чора -тадбирларни қабул қилиш асосий масалаларидан бири бўлди. Шу муносабат билан томонлар «Визз Аир» авиакомпанияси томонидан «Будапешт – Самарқанд» тўғридан -тўғри рейсларини йўлга қўйиш масаласини ҳам муҳокама қилишди.

Венгрия ташқи ишлар вазири Будапештдан Ўзбекистоннинг Самарқанд, Тошкент ва Бухоро каби йирик шаҳарларига тўғридан -тўғри рейсларни амалга оширилишига катта қизиқиш билдирди. Шу билан бирга, Ўзбекистон аэропортларида хизмат кўрсатиш шартларини таъминлашда ва авиақатновларга оид битим имзоланишида кўмакка умид билдирди.

Ўзбекистон томони яқин вақт ичида Венгрия авиаташувчисига ушбу рейсни ишга тушириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш ва уни ҳар томонлама қўллаб -қувватлашга тайёр эканлигини тасдиқлади.

Учрашувда шунингдек, спортни, хусусан, унинг дзюдо турини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхтаб ўтилди. Венгрия вазири шу йилнинг 6-13 июнь кунлари Будапештда дзюдо бўйича жаҳон чемпионати муваффақиятли ўтганини таъкидлаб, олинган тажрибани Ўзбекистон билан бўлишишга тайёр эканини қайд этди, зеро келгуси йилда Тошкентда дзюдо бўйича катталар ўртасида биринчи жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.