— Рамзиддин Нажмиддинович, ўзбек-қирғиз муносабатларининг ҳозирги ҳолатини қандай тавсифлайсиз?
— Аввало шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон ва Қирғизистон яқин қўшни мамлакатлар сифатида, кўп йиллик ягона тарих, ўхшаш маданият, муштарак тил ва маънавий қадриятлар уйғунлиги каби алоқадор жиҳатлари билан бир-бирига чамбарчас боғланган.
Барчамизга маълумки, азал-азалдан мамлакатимиз халқлари ўртасида яқин биродарлик алоқаларини ривожлантиришда ўзаро ҳамоҳанглик касб этувчи маданий-маънавий қадриятлар ва анъаналар мавжуд.
Шу муносабатда, 1993 йил февралда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилди. Ҳозирги кунда, икки давлат қонунчилик базаси таркибида 200 дан ортиқ ҳужжатлар мавжуд бўлса, улардан «Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома» ва Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларациянинг имзолангани муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларнинг турли даврларига қарамай, мамлакатларимиз раҳбарлари томонидан мустаҳкам алоқалар ва кўп асрлик биродарлик ришталарига таянган ҳолда, нафақат ўзаро ҳурмат муҳити сақланиб қолинди, балки яқинда ўзаро алоқа муносабатлари янги сифат босқичига кўтарилди.
Айни пайтда, Қирғизистон ва Ўзбекистон Президентларининг сиёсий иродаси туфайли, томонлар кўплаб долзарб масалаларни бартараф этиш ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг ижобий ўсиш суръатига эришди.
Шу қаторда, икки давлат ўртасидаги мунтазам учрашувлар, жумладан БМТ,МДҲ, ШҲТ,ИҲТ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ва қатор халқаро тузилмалардаги иштироки ўзаро муносабатларнинг юқори даражасини намоён этади.
— Яқинда, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи натижаларини қандай баҳолайсиз?
— Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти С.Н.Жапаровнинг учрашуви икки давлатлараро муносабатларнинг янада мустаҳкамланишида муҳим сиёсий ҳодиса бўлди десак, муболаға бўлмайди.
Шуни таъкидлаш жоизки, икки давлат раҳбарлари ўртасида ўтган очиқ, конструктив ва дўстона музокаралар чоғида, томонлар икки ёқлама ҳамкорликнинг барча жабҳаларини, жумладан сув ресурслари ва энергетикадан фойдаланиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт-логистика масалалари бўйича муҳокама ўтказдилар.
Бундан ташқари, Давлатлар раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Президентлар ўзбек-қирғиз муносабатларини дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик руҳида мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Шунингдек, икки мамлакатнинг ўзаро манфаатларини инобатга олган ҳолда, томонлар савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришни таъкидладилар. Ушбу ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлараро комиссиянинг ўрни ва аҳамияти қайд этилди.
Икки давлат ўртасидаги саноат кооперациясини кенгайтириш ва чуқурлаштириш мақсадида, амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланган бўлиб, бунинг учун умумий қиймати 550 миллион долларлик 60 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Хусусан, Биринчи босқичда Қирғизистон тараққиёт жамғармаси маблағи 50 миллион доллар экани маълум қилинган бўлса, кейинчалик ушбу кўрсаткич 200 миллион долларга етди. Шуни таъкидлашни истардимки, Давлатлар раҳбарлари томонидан Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш устувор масала сифатида, яқин ойлар ичида якунланиши юзасидан келишиб олинди. Яқин кунлар ичида тегишли ташкилотлар саъй-ҳаракатлари билан ушбу келишувлар ижроси таъминланишига умид билдирамиз.
Умумий ҳисобда, музокаралар якунлари бўйича жами 22 та ҳужжат имзоланган бўлса, ундан икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларини ўз ичига олган Президентларнинг Қўшма баёноти муҳим ўрин эгаллайди.
Комил ишонч билан айта оламанки, ушбу эришилган келишувлар натижадорлиги ўзбек-қирғиз ўзаро ҳамкорлик алоқаларини юқори поғонага кўтарилишида туртки беради.
— Савдо-иқтисодий алоқалар, икки мамлакат савдо айланмаси ҳажмини оширишга доир имкониятлар ва режалар тўғрисида фикр билдирсангиз?
— Айни пайтда, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик масаласига тўхталадиган бўлсам, замонавий талаб ва имкониятларга тўлақонли жавоб беролмайди. Ишонаманки, йилдан- йилга савдо айланмаси ҳажми ошиб бораётгани ва иқтисодий ўзаро таъсир доираси кенгайиб бораётганига қарамай, ҳали ушбу соҳада фойдаланишимиз мумкин бўлган юқори иқтисодий салоҳиятга эгамиз.
Шу тариқа, сўнгги йилларда ўзаро савдо айланмаси ҳажми ўсиши кутилаётган аниқ натижадир.
Шунингдек, 2016 йилдан буён ўзаро савдо айланмаси ҳажми 5 баробарга ўсиб, 2020 йил якунига қадар 903 миллион доллардан юқори кўрсаткичга етди.
Шу билан бирга, Қирғиз Республикаси раҳбарининг мамлакатимизга ташрифи чоғида, «Яшнобод» технопарки ҳудудида ўзбек-қирғиз бизнес форуми ва икки давлат ўртасида ишбилармонлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилиши ҳам ғоятда аҳамиятлидир.
Ушбу бизнес форуми давомида, томонлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган, умумий қиймати қарийб 130 миллион долларлик қатор инвестициявий ва савдо шартномалари имзоланди. Давлатлараро транспорт йўлакларини ривожлантириш, жумладан «Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» темир йўли, «Тошкент-Андижон-Ўш-Иркештам-Қашғар» мультимодал йўлагини барпо этиш орқали иқтисодий ҳамкорлик алоқалари янада ривожланади деган фикрдаман.
— Барча саволларга батафсил жавоб бераётганингиздан миннатдорман, шу қаторда маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари тўғрисида ҳам айтиб ўтсангиз?
— Бу борада сиз мутлақо ҳақсиз, бугунги кунда маданий-гуманитар соҳада халқаро дипломатик муносабатлар турли давлатлар халқлари ўртасида ўзаро англашув муҳитини мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллайди. Шу мақсадда, сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасида мунтазам равишда маданият кунлари, фестиваллар ва кўплаб маданий тадбирлар нишонланиб келинмоқда. Шу ўринда, 2018 йил юртимизда буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллик юбилейи кенг миқёсда нишонлангани фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.
Шуни таъкидлаш жоизки, Давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги музокаралар давомида, томонлар 2021-2023 йилларга мўлжалланган «Маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги» Шартномани амалга ошириш доирасида қўшма тадбирлар режасини тасдиқлади. Шунингдек, таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда. 2017-2020 йиллар оралиғида Ўзбекистон олийгоҳларида таҳсил олаётган қирғиз ёшларининг сафи 14 бараварга ошган бўлса, Қирғизистон университетларидаги ўзбек талаба ёшлари сони 7 бараварга кенгаяётгани қувонарли ҳолдир. Айни пайтда, ушбу соҳа доирасида ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эгамиз, шунингдек келгусида университетлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, икки давлат таълим муассасалари ўртасида шартномалар ва меморандумлар имзоланишига кўмаклашиш зарур.
Шу ўринда, Ўзбекистон биринчилар қаторида, коронавирус инфекциясига қарши курашда қўшни мамлакатга беғараз ёрдам қўлини чўзди. 2020 йил декабрда ушбу тиббий ёрдам ҳисобидан Бишкек, Баткен ва Чуй вилоятларида инфекция билан зарарланган беморлар учун учта модулли шифохона барпо этилди. Бундан ташқари, ушбу мақсадда кўплаб тиббиёт жиҳозлари ва тиббий воситалар ҳам жўнатилди.
Хулоса ўрнида, ўзаро манфаатли соҳалардаги дўстлик, яхши қўшничилик анъаналарини давом эттирган ҳолда, қирғиз-ўзбек ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири саналади. Шунингдек, биз бирдамликдаги саъй-ҳаракатлар билан олдимизга қўйган олижаноб мақсадларга эришишимизга ишонаман, ҳамда бу йўлда стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун муносиб ҳисса қўшишимиз.
— Мазмунли суҳбат учун ташаккур ва кейинги учрашувларда кутиб қоламиз.
Рамзиддин Ғуломов,
Марказий Осиё халқаро институти
Етакчи илмий ходим