Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Ўзбекистон Республикаси расмий ташрифи доирасида 2021 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто билан музокара олиб борди.
Учрашув аввалида вазир И.Абдураҳмонов юқори мартабали меҳмонни Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илм-фан, технологиялар ва инновациялар соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар билан таништирди.
Учрашув иштирокчилари икки давлат илм-фан намояндалари ўртасида ҳамкорликни ва тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш мақсадида қўшма илмий лойиҳалар танловини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар. Ушбу йўналишда 2021 йилнинг май-июнь ойларида қўшма илмий лойиҳалар танловини эълон қилиш бўйича тегишли чораларни амалга ошириш ва илмий лойиҳаларни молиялаштириш бўйича 2 миллион евро атрофида маблағ ажратишга келишиб олинди.
Шунингдек, ёш тадқиқотчи ва олимлар малакасини ошириш ҳамда Венгриянинг илм-фан соҳасидаги экотизими билан яқиндан танишиш мақсадида стажировкалар дастурини ташкил этиш бўйича ҳам фикр алмашилди. Юз нафар ўзбекистонлик талаба ва тадқиқотчиларнинг тегишли таълим ва малака ошириш дастурида иштирок этиш имкониятлари ҳақида сўз юритилди. Ўз навбатида, П.Сийярто ушбу йўналишда алоҳида дастур ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Ўзбекистон ва Венгриянинг олий таълим муассасалари ва улар қошида ташкил этилган технопарклар ўртасида яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича томонлар олий таълим муассасалари ва технопарклар раҳбарларидан иборат делегацияларнинг Ўзбекистон ва Венгрияга ташрифини амалга оширишга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, томонлар венчур фондлар ва стартапларни молиялаштириш бўйича тажриба алмашиш, ядровий энергиядан фойдаланишда ҳамкорлик борасида ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар. Икки давлат вазирлари глобал миқёсдаги муаммо — пандемия хусусида тўхталаркан, коронавирусга қарши вакцинани яратиш ва ундан фойдаланишда ҳамкорлик ўрнатиш лозимлигини қайд этдилар.
Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазири П.Сийярто Инновацион ривожланиш вазирлигининг Венгрия билан ҳамкорликда амалга ошириш учун имкониятлар кўламини юқори баҳолади ва муҳокама этилган йўналишларда вазирлик билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашув дўстона руҳда ўтди.