Учрашув давомида «Cotton Campaign» коалицияси томонидан «пахта бойкоти» бекор қилиниши муносабати билан Америка брендлари билан бизнес ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама этилди.

USFIA вакили Ўзбекистон ҳукуматининг пахта хомашёсини етказиб беришдан юқори қўшимча қийматга эга тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилишга ўтишга қаратилган сиёсатини олқишлади. Жулия Хьюз сўзларига кўра, ҳозирги вақтда анъанавий бозорлардан етказиб бериш занжирлари ўзгарган, бундай шароитда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини етказиб берувчи ўзига жалб этувчи мамлакатга айланиш салоҳиятига эга. Америкалик ритейлерлар ва тўқимачилик брендлари етказиб бериш манбаларини ўрганишда меҳнат нормалари ва бошқа ижтимоий стандартларга риоя этилиши нуқтаи назаридан бутун ишлаб чиқариш занжирини кузатиш имкониятларига алоҳида эътибор беради.

Шу маънода Америка томони тўқимачилик кластерлари тизимида пахта ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг экологик, иқтисодий ва ижтимоий барқарор усулларини таъминлашга қаратилган механизмларни жорий этиш борасидаги Ўзбекистон саъй-ҳаракатларини олқишлади.

Учрашув якунида Америка брендлари ва маҳаллий тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича мувофиқлаштиришни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.