Тадбир БМТ Статистика бўлими томонидан ташкил этилган бўлиб, унда дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатлари вакиллари, жумладан, Комиссиянинг 34 та аъзоси иштирок этмоқда.

Мазкур сессияда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси раиси бошчилигидаги делегация ҳам қатнашмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси 2026 йил 1 январдан бошлаб Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб, БМТ Статистика комиссияси Бюросига 2026 – 2029 йиллар учун аъзо этиб сайланди.

Шу боис, Ўзбекистон мазкур 57-сессияда Бюро аъзоси сифатида илк бор иштирок этмоқда.

Сессия кун тартибидан расмий статистика тизимини ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, институционал ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, Миллий ҳисоблар тизими – 2025, аҳоли ва уй-жойларни рўйхатга олишнинг 2030 йилги раунди, ижтимоий ва демографик статистика, катта маълумотлар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш, маълумотларни бошқариш ҳамда статистик фаолиятни модернизация қилишга доир масалалар ўрин олган.

Шунингдек, 57-сессия доирасида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Статистика кенгашининг 14-сессияси якунларига бағишланган учрашувлар, қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш масалалари юзасидан муҳокамалар ҳамда БМТнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси иқтисодий ва ижтимоий комиссияси Статистика қўмитаси Бюросининг очиқ йиғилишида иштирок этиш режалаштирилган.

Мазкур сессия Ўзбекистон миллий статистика тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, илғор тажрибаларни жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.