Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов ва Буюк Британия ташқи сиёсат идораси раҳбари ўринбосари Лео Докерти очиб берди.
Музокараларда Ўзбекистон томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш, Адлия, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Экология давлат қўмитаси, Ўзгидромет ва Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон-Буюк Британия ҳамкорлиги, шунингдек, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.
Сиёсий-дипломатик мулоқотни кенгайтириш, умумий кун тартибини амалий мазмун билан тўлдириш юзасидан фикр алмашилди.
Музокараларда иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш масалалари муҳим ўрин тутди. Шу нуқтаи назардан, икки мамлакат ишбилармон вакиллари ўртасида, жумладан, Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Буюк Британия кенгаши доирасида тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Турли соҳаларда қўшма инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш, Ўзбекистондан Буюк Британияга экспорт қилинадиган товарлар турини кенгайтириш ва савдо айланмаси ҳажмини ошириш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Британия томони меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.
Томонлар маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, илмий соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, умумий, касб-ҳунар ва олий таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр экани тасдиқланди.
Сиёсий маслаҳатлашувлар даражасини ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари даражасидаги мулоқотга кўтаришга келишиб олинди.
Музокараларда айрим минтақавий ва халқаро масалалар ҳам кўриб чиқилади, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.