Марказий Осиё халқаро институти директори Владимир Норов мазкур анжумандаги чиқишида ШҲТнинг Самарқандда бўлиб ўтган саммитида старт олган, кейинчалик Жанубга қараб – Туркманистон ва Эрон орқали Туркиягача чўзиладиган, Хитойдан Европага олиб борувчи йўлни 900 километрга қисқартириб, юк ташиш муддатини саккиз суткага камайтирадиган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўл тармоғи лойиҳаси «Маконлар ва йўллар» ташаббусини амалга оширишда тарихий аҳамият касб этишини қайд этди.
Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлигини ҳам, жумладан, «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли қурилиши орқали қўллаб қувватлайди.
Ушбу йўналиш нафақат «Маконлар ва йўллар» ташаббусининг логистик имкониятини оширади, балки Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига ва «Шимол – Жануб», йўналишида савдо-иқтисодий алоқаларни ҳам кенгайтиради.
Таъкидлаш жоиз, Марказий Осиё ШҲТ ва “Бир макон, бир йўл” ташаббуси учун ҳал қилувчи минқата ҳисобланади ва мазкур лойиҳалардаги иштироки билан келгусидаги иқтисодий ва сиёсий тараққиёт жараёнини таъминлаш учун юқори салоҳиятга эга.
Масалан, 30 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро алоқалар кескин ривожланиш суръатини намоён қилди ва стратегик шериклик даражасига кзтарилди.
Фақат 2022 йил давомида Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо ай ланмаси 45.4 фоиз ошиб, шунга мос равишда, маҳсулот айирбошлаш 49 миллиард долларга етди. ХХР раиси Си Цзиньпин баёнот берганидек, ушбу кўрсаткични 2030 йилга бориб 70 миллиардга етказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш ўринли. Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг 2022 йил 25 январда бўлиб ўтган онлайн-саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тўсиқларсиз савдони, саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш (локализация)нинг умумий маконини таъминлашга қаратилган «Марказий Осиё – Хитой» Янги иқтисодий мулоқот стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Ўзбекистон, шунингдек, Марказий Осиёда Хитой билан биргаликда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга кўмаклашадиган узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, минтақа давлатларини глобал иқтисодиёт ва транспорт-логистика йўлаклари тизимига интеграциялаш ташаббусларини илгари сурмоқда.