Ўзбекистон делегацияси таркибидан Инновацион ривожланиш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва «Ўзгидромет» вакиллари ҳам ўрин олди.
Давра суҳбати чоғида Ўзбекистон томони тадбир иштирокчиларини мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорликни, жумладан БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан аниқ таклифлар тақдим этилди.
Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгариши, сув ресурслари камайиши ва табиий офатларнинг салбий оқибатларини олдини олиш бўйича самарали ва тегишли чораларни кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Иқлим мониторингини модернизация қилиш, эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш, шунингдек, автоматик метеорологик, гидрологик ва агрометеорологик станциялар тармоғини кенгайтириш соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон томони халқаро шерикларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилишининг пасайиши иқлимий сабабларини ўз вақтида бартараф этиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.