Ўзбекистон элчихонасидан олинган маълумотга кўра, ташриф давомида Исроилнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етакчи компаниялари вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказилди. Делегация қурғоқчил ҳудудлар ва чекланган сув ресурслари шароитида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги сўнгги ютуқлар ва инновацион ечимлар билан танишди.
Жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, экинларнинг янги навларини кўпайтириш, махсус ўғитлар ишлаб чиқишда «ақлли суғориш» тизимининг инновацион усуллари тақдим этилди.
Ўзбекистонда турли хил экинларни етиштириш бўйича қўшма пилот лойиҳани яратиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Делегация дунёдаги энг яхши 30 та қишлоқ хўжалиги мактабларидан бири - Қуддусдаги Роберт Смит номидаги университетнинг қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва атроф-муҳит факультети маъмурияти ва ўқитувчилари билан учрашув ўтказди. Мутахассис ва тадқиқотчиларнинг маълумотлар базасини шакллантириш учун ўзаро қизиқарли тематик йўналишлар бўйича келишувларга эришилди.
Исроилнинг етакчи олий таълим муассасаси ва кўп тармоқли илмий-тадқиқот институти бўлган Вайцманн институтида Исроилда илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланадиган ватандош-олимлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.