Ташрифнинг дастлабки кунида Тълим инспексияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев бошчилигидаги делегация аъзолари Финляндиянинг Таълим ва маданият вазирлиги раҳбарияти билан учрашишди.
Учрашув давомида Финляндия Таълим ва маданият вазирлиги вакиллари таълим соҳасидаги давлат бошқаруви тизими бўйича тақдимот ўтиб беришди. Шунингдек, томонлар фин таълим тажрибасини ўрганиш юзасидан ҳамкорлик алоқаларининг бугунги кундаги ҳолати ва истиқболдаги режаларни муҳокама қилишди.
Қайд этиш лозим, 2020-йилнинг 30-октябрь куни мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим сифатини оширишда ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш бўйича вазифалар белгиланиб, бу борада Финляндия тажрибаси мисол қилиб келтирилганди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2020-йилнинг 6-ноябрдаги Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ПҚ-4884-сонли қарорда ҳам Финляндиянинг таълим соҳасидаги тажрибасини, шу жумладан ўқув дастурлари, дарсликлари, ўқитиш методикалари ва педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини хорижга хизмат сафарини ташкил этган ҳолда ўрганиб чиқиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.