Бундай вазиятларда ҳар бир давлат ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва улар хавфсизлигини таъминлаш борасида тезкор ва самарали қарорлар қабул қилишга мажбур бўлади. Бу эса дипломатия, транспорт логистикаси, консуллик хизмати ва халқаро ҳамкорлик механизмларининг уйғун фаолиятини талаб қилади.
Айни кунларда Яқин Шарқ минтақасида юзага келган мураккаб вазият ана шу масаланинг нақадар долзарб эканини яна бир бор намоён этди. Минтақада хавфсизлик муҳитининг кескинлашуви, айрим давлатларда ҳаво ҳудудларининг вақтинча ёпилиши ва халқаро авиақатновларнинг чекланиши минглаб одамларнинг ҳаракатланишига жиддий таъсир кўрсатди. Бу ҳолат, айниқса, Яқин Шарқ давлатларида меҳнат қилаётган, хизмат сафарида, саёҳатда бўлган ёки зиёрат амалларини адо этаётган юртдошларимиз учун муайян хавф-хатарларни юзага келтирди.
Мазкур шароитда давлатимиз ўз фуқаролари тақдирига бефарқ қарамади. Тезкор дипломатик чора-тадбирлар, консуллик хизматларининг мувофиқлаштирилган фаолияти ва фуқаролик авиацияси имкониятларидан самарали фойдаланиш натижасида қисқа вақтда кенг кўламли эвакуация ишлари амалга оширилди.
2026 йил 10 март ҳолатига кўра, Яқин Шарқ давлатларидан 25 мингдан зиёд ўзбекистонлик юртимизга қайтарилди. Улар орасида меҳнат мигрантлари, зиёратчилар, сайёҳлар, талабалар ва хизмат сафарида бўлган ватандошларимиз бор. Бу рақамлар оддий статистик маълумот эмас. Улар давлатимизнинг ўз фуқаролари олдидаги масъулияти, дипломатиямизнинг самарадорлиги ва консуллик хизматининг тезкор фаолиятини намоён этувчи муҳим кўрсаткичдир. Энг муҳими, мазкур жараён замонавий Ўзбекистон ташқи сиёсатининг инсон манфаатлари ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тамойиллари амалий натижа бераётганини кўрсатди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Яқин Шарқ давлатларидан ватандошларимизни эвакуация қилиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар нафақат тезкор гуманитар операция, балки давлатнинг консуллик сиёсати, дипломатик имкониятлари ва институционал салоҳиятини намоён этган муҳим тажриба сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур жараённи тўлиқ англаш учун эса, аввало, Яқин Шарқ минтақасидаги геосиёсий вазият ва хавфсизлик муҳитини таҳлил қилиш зарур.
Геосиёсий вазият ва ўзгариб бораётган хавфсизлик муҳити
Яқин Шарқ минтақаси тарихан халқаро сиёсатнинг энг мураккаб геосиёсий маконларидан. Ушбу ҳудуддаги сиёсий жараёнлар кўпинча фақат минтақавий давлатлар билан чекланиб қолмай, глобал хавфсизлик архитектурасига ҳам таъсир кўрсатади. Энергетика ресурслари, стратегик транспорт йўналишлари, диний ва маданий омиллар, шунингдек, катта геосиёсий рақобат элементлари бу минтақадаги барқарорликни доимий равишда синовдан ўтказиб келмоқда.
Ҳатто қисқа муддатли сиёсий кескинлик ҳам транспорт коммуникациялари, савдо алоқалари ва меҳнат миграциясига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Юзага келган вазият ана шу омилларнинг ўзаро таъсири натижаси сифатида шаклланди. Айрим давлатларда хавфсизлик чоралари кучайтирилиши, ҳаво ҳудудидан фойдаланишга чекловлар жорий этилиши ва халқаро авиақатновларнинг вақтинча қисқариши минтақадаги транспорт логистикасига жиддий таъсир кўрсатди. Халқаро авиация соҳасида юзага келган бундай чекловлар минглаб одамларнинг ҳаракатланиш имкониятини чеклаб қўйди.
Яқин Шарқ дунёдаги энг йирик авиация хабларидан. Дубай, Доха, Абу-Даби, Жидда ва Ар-Риёд каби шаҳарлардаги халқаро аэропортлар глобал авиация тармоғининг муҳим узелларини ташкил этади. Осиё, Европа ва Африка ўртасидаги кўплаб парвозлар айнан шу нуқталар орқали амалга оширилади. Шу сабабли мазкур минтақадаги ҳаво ҳудудлари билан боғлиқ ҳар қандай чеклов бутун халқаро авиация тизимига таъсир кўрсатиши мумкин.
Минтақадаги вазият меҳнат миграцияси билан боғлиқ жараёнларга ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Яқин Шарқ давлатлари, айниқса, Саудия Арабистони, БАА ва Қатар халқаро меҳнат бозорининг муҳим марказларидан. Бу мамлакатларда дунё бўйлаб миллионлаб меҳнат мигранти фаолият юритади ва улар орасида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам катта улушни ташкил этади.
Сўнгги йилларда юртдошларимизнинг мазкур мамлакатларда меҳнат қилиши салмоғи сезиларли даражада ошди. Бу, аввало, ушбу давлатлардаги иқтисодий ривожланиш суръати, йирик инфратузилма лойиҳаларининг кўпайиши ва меҳнат бозорида хорижий ишчи кучига талабнинг ортиши билан изоҳланади. Шу билан бирга, зиёрат туризмининг фаоллашиши ҳам бу минтақада ўзбекистонликлар иштирокини кўпайтирган муҳим омиллардан.
Хавфсизлик билан боғлиқ ҳар қандай инқироз ёки транспорт коммуникацияларидаги узилиш минглаб фуқаролар учун тизимли муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Бундай шароитда давлатлар олдида икки муҳим вазифа юзага келади. Биринчиси, ўз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш. Иккинчиси уларнинг ватанга қайтиши учун зарур ташкилий ва дипломатик шароитларни яратиш. Бу эса тезкор қарор қабул қилиш, халқаро ҳамкорлик механизмларидан самарали фойдаланиш ва транспорт логистикасини қайта ташкил этишни талаб қилади.
Яқин Шарқ минтақасида юзага келган мазкур вазият яна бир муҳим хулосани кўрсатди: глобаллашув шароитида хавфсизлик муаммолари фақат муайян давлат ёки ҳудуд билан чекланиб қолмайди. Улар кўпинча бутун халқаро транспорт ва иқтисодий тизимга таъсир кўрсатади. Шу боис, давлатлар ўз ташқи сиёсатида фуқаролар хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратиши, консуллик хизматлари фаолиятини кучайтириши ва фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлиши зарур.
Ўзбекистоннинг мазкур вазиятдаги ҳаракатлари айнан шу тамойилларга асосланди. Минтақадаги геосиёсий вазиятнинг мураккаблигига қарамасдан, давлатимиз томонидан тезкор дипломатик чора-тадбирлар кўрилди, консуллик хизматлари фаолияти кучайтирилди ва фуқароларни хавфсиз ҳудудлар орқали ватанга қайтариш бўйича амалий механизмлар ишга туширилди. Бу жараён нафақат фавқулодда вазиятга берилган тезкор жавоб, балки мамлакатимиз ташқи сиёсатининг инсон манфаатларини устувор қўйишга асосланган стратегик йўналишини ҳам яққол намоён этди.
Айнан шу нуқтада давлатлараро ҳамкорлик ва олий даражадаги дипломатик мулоқотлар ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Шу боис, эвакуация жараёнининг муваффақиятини тушуниш учун мазкур даврда ўрнатилган дипломатик алоқаларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Ишонч ва ҳамкорлик омили
Яқин Шарқ давлатларидан юртимиз фуқароларини хавфсиз ҳудудлар орқали ватанга қайтариш жараёни фақат техник ёки логистик чора-тадбирлар билан чекланиб қолгани йўқ. Бу жараёнда олий даражадаги сиёсий мулоқотлар, давлат раҳбарлари ўртасидаги ишонч ва дипломатик ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Минтақадаги мураккаб вазият шароитида авиақатновлар, транзит йўналишлари ва фуқаролар ҳаракатланиши билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш кўп ҳолларда давлатлараро муносабатлар даражасидаги келишувларни талаб қилади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, мамлакатимиз етакчисининг Яқин Шарқ давлатлари раҳбарлари билан телефон орқали мулоқотлари эвакуация жараёнининг муваффақиятли ташкил этилишида муҳим сиёсий ва дипломатик омил бўлди. Хусусан, мазкур жараёнда Ўмон Султони Ҳайсам бин Тариқ, Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Кувайт Давлати Валиаҳди Шайх Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ, Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Баҳрайн Подшоҳи Ҳамад бин Исо Ол Халифа, Иордания Подшоҳи Абдулла II билан телефон орқали мулоқот қилинди. Ушбу суҳбатларда минтақадаги вазият, хавфсизлик масалалари ҳамда фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш билан боғлиқ амалий чора-тадбирлар муҳокама марказида бўлди.
Аввало, бу мулоқотлар давлатлар ўртасидаги сиёсий ишонч ва стратегик шериклик муносабатларининг амалий кўринишидир. Халқаро муносабатлар амалиётида фавқулодда вазиятларда давлат раҳбарлари даражасидаги тўғридан тўғри мулоқот энг самарали дипломатик воситалардан бири ҳисобланади. Бундай мулоқотлар орқали муҳим қарорлар тезкор қабул қилиниши ва зарур амалий механизмлар ишга туширилиши мумкин.
Иккинчидан, бу мулоқотлар давлатимиз ташқи сиёсатининг сўнгги йилларда шаклланган прагматик ва очиқ дипломатия модели амалий натижа бераётганини яна бир бор намоён этди. Мамлакатимиз Яқин Шарқ давлатлари билан сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйди.
Мазкур дипломатик мулоқотлар давлатимиз ташқи сиёсатининг муҳим хусусиятларидан бири — ишончга асосланган дипломатия тамойили самарадорлигини кўрсатди. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг Яқин Шарқ давлатлари билан ўрнатилган конструктив муносабатлари нафақат иқтисодий ва сиёсий соҳалар, балки фавқулодда вазиятларда ҳам амалий самара бермоқда.
Амалий механизмлар ва институционал салоҳият
Яқин Шарқ давлатларидан мамлакатимиз фуқароларини олиб келиш жараёнида консуллик дипломатияси ва транспорт логистикаси ўзаро уйғун ҳолда ишлагани алоҳида эътиборга лойиқ. Фавқулодда вазиятларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш фақат сиёсий қарорлар билан чекланиб қолмайди. Бу жараён амалда қатор ташкилий, ҳуқуқий ва техник механизмларни ишга туширишни талаб этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур эвакуация операцияси давлат бошқаруви тизими, дипломатик хизматлар ва транспорт инфратузилмасининг мувофиқлаштирилган фаолиятини намоён этган муҳим тажриба сифатида баҳоланиши мумкин.
Замонавий халқаро муносабатлар тизимида консуллик дипломатияси давлат ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Агар дипломатиянинг анъанавий вазифалари давлатлараро сиёсий мулоқотни таъминлашдан иборат бўлган бўлса, консуллик дипломатиясининг асосий вазифаси хориждаги фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва зарурат туғилганда хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Бу борада халқаро ҳуқуқий асослар ҳам аниқ белгилаб берилган. 1963 йилда қабул қилинган Вена консуллик муносабатлари тўғрисидаги конвенция давлатларга хориждаги ўз фуқаролари манфаатини ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, консуллик муассасалари фавқулодда вазиятларда фуқароларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва зарур ҳолларда эвакуация ишларини ташкил қилишда иштирок этиши мумкин.
Юртимизда консуллик хизматини модернизация қилишга қаратилган қатор институционал ислоҳотлар ўтказилди. Дипломатик ваколатхоналарнинг моддий-техник имкониятлари кенгайтирилди, рақамли консуллик хизматлари жорий этилди, хориждаги фуқаролар билан алоқа механизмлари такомиллаштирилди. Бу ислоҳотлар, айниқса, фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракатланиш имкониятини яратиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди.
Яқин Шарқдаги вазият кескинлашган даврда айнан шу механизмлар ишга туширилди. Дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари фуқаролар билан тўғридан тўғри мулоқот ўрнатиб, уларнинг жойлашуви ва ҳаракатланиш имкониятлари ҳақида маълумотлар тўплади. Бу маълумотлар эвакуация операциясини режалаштириш ва амалга ошириш учун муҳим ахборот базаси вазифасини ўтади.
Эвакуация жараёнининг муҳим босқичларидан бири фуқароларни рўйхатга олиш ва уларнинг ҳаракатланишини мувофиқлаштиришдир. Минтақада турли шаҳарларда бўлиб турган фуқароларни бир нуқтага жамлаш, уларнинг ҳужжатлари ва транспорт имкониятларини аниқлаш ҳамда хавфсиз маршрутларни белгилаш каби масалалар катта ташкилий ишларни талаб қилади. Бу жараёнда консуллик муассасалари асосий мувофиқлаштирувчи бўғин вазифасини бажарди.
Умуман олганда, мазкур эвакуация жараёни мамлакатимиз ташқи сиёсатида сўнгги йилларда шаклланган инсонпарварлик тамойиллари ва прагматик дипломатия моделининг амалий самарасини кўрсатди. Давлатнинг ўз фуқаролари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бундай ҳаракатлари жамиятнинг давлатга ишончини мустаҳкамлайди, халқаро майдонда мамлакат обрўсини оширади ва миллий дипломатия институтининг нуфузини кучайтиради.
Глобаллашув шароитида одамларнинг халқаро ҳаракатланиши ортиб бораётган бир пайтда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масаласи келгусида ҳам давлат сиёсатида муҳим ўрин тутади. Шу боис, консуллик хизматлари имкониятини янада кенгайтириш, дипломатик ваколатхоналар тармоғини ривожлантириш ва фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракатланиш механизмларини такомиллаштириш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолади.
Яқин Шарқ давлатларидан юртдошларимизни эвакуация қилиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакатимизда фуқаролар хавфсизлиги ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этаётганини яна бир бор тасдиқлади. Бу жараён давлат ва фуқаро ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, дипломатик институтлар самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим.
Ойбек ҚЎШБОҚОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи