Варшавадаги дипломатия корпуси ва Польша ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган мазкур тадбирда хорижий давлатлар элчилари ҳамда Польша бизнесининг вакиллари қатнашди.
Унда Польшанинг вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳамда ишбилармонлар мамлакатда бизнес юритиш имкониятлари ва истиқболлари хусусида тақдимотлар ўтказишди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон дипломатлари Польша тараққиёт ва технологиялар вазири Валдемар Буда билан учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиё минтақасидаги энг муҳим, истиқболли ва узоқ муддатли ҳамкори эканлиги таъкидланди. Польша томони савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро манфаатли шерикликни янада кенгайтириш, хусусан, мамлакатимизга сармоя ва янги технологияларни жалб этишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди, деб хабар беради «Дунё» АА.
— Ҳозирги кунда икки давлат учун ҳам транспорт, энергетика ва АКТ йўналишларидаги инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади, — деди Валдемар Буда. — Шунингдек, Польша ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадиган шартномаларни ишлаб чиқиш рағбатлантирилади.
Бундан ташқари, мамлакатимиз вакиллари «LOT Polish Airlines» авиакомпанияси вице-президенти Михал Фиёл билан ҳам суҳбатда бўлди. Михал Фиёл мулоқот чоғида Варшава-Тошкент-Варшава йўналишидаги чартер ҳаво қатновлари жорий йил 10 мартдан очилаётганига эътибор қаратди. Унинг айтишича, бу масаланинг ижобий ечим топишида элчихона ва Ўзбекистон транспорт вазирлиги билан ўтказилган музокараларнинг салмоғи катта бўлди.
— Польша ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш ва ўзаро сайёҳлар сонини ошириш мақсадида Варшава ва Тошкент ўртасида мунтазам ҳаво қатновларини ҳам йўлга қўйишни режалаштиряпмиз, — деди у. — Компаниямиз Польша фуқаро авиацияси маъмуриятидан барча керакли рухсатномаларни олган.