— ШҲТ жуда нуфузли ташкилот, — деди эксперт. — Менинг назаримда, у янги дунё тартиботини яратишда алоҳида мавқега эга ҳамда ушбу жараён кун тартибида айнан Осиё ва Евроосиё масалалари асосий бўлади. Осиё Европага тараққиёт даражаси билан етиб олаётгани, ўз хавфсизлик тизими, ўз форумлари ва қўшма корпоратив тузилмаларини яратаётгани шундан далолат бермоқда. Мазкур тузилмалар, авваламбор, ШҲТ каби қудратли ташкилот атрофида бирлашмоқда.

ШҲТ, албатта, Осиё эмас, уни Хитой ва собиқ шўро давлатларини бирлаштирган Евросиё, деб қабул қилиш керак. Ушбу маконда бир вақтлар сиёсий бўшлиқ пайдо бўлиб қолган эди, бугун ушбу бўшлиқни айнан мазкур кучли ташкилот тўлдирмоқда. Агар ШҲТ бўлмаганида эди, ушбу ташкилотга аъзо айрим давлатлар ўртасидаги муаммо ва низоларни, шу жумладан чегара масалаларини ҳал қилиш, шунингдек, ушбу минтақада барқарорликни таъминлашда бундай муваффақиятга эришилмаган бўлар эди.

Мен шунинг учун ҳам ШҲТ жуда муҳим ташкилот бўлиб, тобора ривожланиб бормоқда ва муҳим аҳамият касб этмоқда, деган фикрдаман. Ташкилот минтақада диний экстремизмга қарши курашмоқда, энергетика масалалари билан шуғулланмоқда. Хусусан, унинг доирасида барча аъзо давлатлар учун стратегик муҳим аҳамиятга эга Энергетика клуби мавжуд.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ШҲТ демократик ташкилотдир,  унда «катта оға ва кичик ука» тамойили мавжуд эмас. Бу ҳам жуда муҳим омил. Чунки Хитой, Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари барча масалаларни биргаликда ҳал қилмоқда ва бу борада бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Ҳозирга қадар мазкур ташкилот фаолиятига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган зиддиятли ҳолат содир бўлмаган. Аксинча, халқаро тузилма тобора барқарорлашмоқда ва янада ривож топмоқда.

Ушбу ташкилотнинг келажаги ҳақида фикр юритиш ҳам жуда муҳим. ШҲТ Яқин Шарқни барқарорлаштириш бўйича жиддий муаммоларга дуч келади, деб ўйлайман. У ерда фуқаролик урушлари содир бўлмоқда, турли низолар давом этмоқда, қон тўкилмоқда, Ғарбга ҳам, Евроосиё давлатларига ҳам таҳдид соладиган янги мафкура пайдо бўлмоқда. Яқин Шарқ минтақасида кўплаб муаммолар, шу жумладан, ижтимоий муаммолар мавжудки, улар, албатта, Шимолга ҳам салбий таъсирини ўтказади. Чунки минтақадан Европа ва барча ЕХҲТ мамлакатларига миграция оқими давом этмоқда.

Шунинг учун бугун биз ушбу масалалар билан фаол шуғулланишимиз керак. Европа Иттифоқи ушбу муаммога ўз доирасида курашишга ҳаракат қилмоқда. Аммо, менимча, ШҲТ ҳам бугун мазкур муаммони ўз минтақасида ёки ушбу ташкилотга аъзо давлатлар атрофида ҳал қилишнинг стратегик аҳамиятини кўтараётгани жуда муҳим. Шу муносабат билан келажакда Европа Иттифоқи ва ШҲТ институтлари ўртасидаги ҳамкорликнинг қўшма шакллари катта аҳамиятга эга бўлади.

Янги раҳбарият бошқараётган Ўзбекистон ШҲТ каби муҳим ташкилот фаолиятига ўз ҳиссасини қўшишга ва унинг доирасидаги таъсирини кучайтиришга интилаётганини таъкидламоқчиман. Шунинг учун ШҲТ саммитида расмий Тошкент томонидан илгари сурилган ташаббуслар кўпчиликнинг эътиборини тортди. Назаримда, Ўзбекистоннинг ШҲТ доирасидаги стратегияси ушбу ташкилотнинг имкониятларини янада кенгайтириши мумкин.

Ўзбекистон минтақадаги ва унинг атрофидаги барча мамлакатлар билан самарали ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришни хоҳлайди. Шу сабабли, менимча, Ўзбекистон Европа ва Осиёнинг ўзаро алоқаларида, шунингдек, бугун Хитой Европага Марказий Осиё ва Евросиё макони орқали барпо этаётган Янги ипак йўлида муҳим мавқега эга бўлиши мумкин. Ушбу жараённинг иштирокчиси, меъмори ёки ҳаммуаллифи бўлиш ШҲТга аъзо ҳар бир давлат учун муҳимдир.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ўз ташқи сиёсат стратегиясига асосланган ҳолда барча давлатлар, айниқса, ушбу жараённинг асосий иштирокчилари билан ишончли иқтисодий ва сиёсий муносабатда бўлиш, жумладан, хавфсизлик масалалари бўйича мулоқот юритишга интилмоқда. Бунда нафақат Россия ва Хитой, балки минтақанинг фаол иштирокчисига айланиб бораётган Туркия, араб мамлакатлари ва, албатта, Ғарб давлатлари, шу жумладан, АҚШ ва Германия ҳам назарда тутилмоқда.

Агар Ўзбекистон ўзаро боғлиқлик доирасидаги ҳамкорликнинг турли шакллари таклиф қилинадиган ташаббусларни илгари суришда давом этса, бу яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, Осиё ва Европанинг иқтисодий блоклари, сиёсий ташкилотлари ва бошқа тузилмалари ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришга ёрдам беради, деб ўйлайман. Бу ҳаттоки ЕХҲТ сингари таркибига Осиё ва Евроосиё давлатлари қатори Европа мамлакатларини ҳам қўшиш орқали ШҲТни янада  кенгайишига хизмат қилиши мумкин.

«Дунё» АА

Берлин