Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон-Франция муносабатлари бугунги кунда юқори даражадаги сиёсий ва дипломатик ҳамкорлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинувлар учун салмоқли салоҳият мавжудлиги билан ажралиб туради.
Франция Ўзбекистоннинг Европадаги энг муҳим савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик даражаси изчил юқорилаб боряпти. Айни пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро алоқалар ҳам фаол ривожланяпти.
Учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги муносабатларни яна-да ривожлантириш, шу жумладан парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Франция Сенати Раиси Жерар Ларше ҳозирда мамлакатимизда кечаётган туб янгиланишлар жараёнини мамнуният билан тилга олиб, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг чинакам бозор иқтисодиётига ўтиши ва жаҳонга очилиш йўлида амалга оширган ишлари мустақилликнинг барча йиллари давомида қилинган жами ишлардан ҳам салмоқли эканлигини эътироф этди.
Франциянинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ниҳоятда катта эканлигига урғу бериб, Ж.Ларше «Ўзбекистон минтақада энг аҳолиси кўп бўлган кучли давлат – Марказий Осиёнинг уриб турган юрагидир. Айниқса, жаҳонда бугунги кунда кузатилаётган мавҳумлик ва нотинчлик шароитида давлатингизни минтақадаги хавфсизлик ва тинчлик маркази деб биламиз» дея таъкидлади.
Айтиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарида Франция парламенти билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, Франция Сенатида ҳам «Франция – Марказий Осиё» парламентлараро гуруҳи, қуйи палата – Миллий ассамблеяда «Франция – Ўзбекистон» дўстлик гуруҳи фаолият юритяпти.
Бу борада Т.Нарбаева ҳамкорлик гуруҳлари салоҳиятидан яна-да самарали фойдаланиш муҳимлигини, жумладан, мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликнинг таянч нуқталари қонун ижодкорлиги, кучли парламент назорати ва ҳудудий вакиллик тамойилларига қурилиши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Шу ўринда иккала парламентнинг турдош масалаларга масъул қўмиталари ўртасида ҳам мустаҳкам алоқалар ўрнатилиши мазкур мулоқот механизмининг амалий самарасини таъминлашига урғу берди.
Томонлар икки палатали парламент демократик ривожланишнинг муҳим таркибий шарти эканлигини бирдек эътироф этиб, давлатларимиз ўртасидаги парламентлараро алоқаларни ривожлантиришда юқори палаталарнинг вакиллик демократияси механизмларидан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Суҳбат якунида Франция ва Ўзбекистон маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, БРМга эришиш соҳасида қўшма чораларни амалга ошириш, шунингдек, яшил иқтисодиёт, коррупцияга қарши курашиш, гендер тенгликни таъминлаш соҳаларида ҳам конструктив хамкорлик қилишга келишиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.