- Сўнгги йилларда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Афғонистон масаласига бағишланган қатор конференция ва учрашувларнинг ўтказилиши Ўзбекистон ҳукуматининг афғон халқи тақдирига бефарқ эмаслигини яққол намоён этмоқда.

Ана шундай муносабатнинг мантиқий давоми ўлароқ, 13 апрель куни Самарқандда Афғонистонга қўшни давлатлар вазирлари конференциясининг ўтказилгани, шубҳасиз, таҳсинга сазовордир.

Шу ўринда Самарқанд учрашувида ташқи ишлар вазирлари иштирок этган Ўзбекистон, Россия, Хитой, Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларининг Афғонистон хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва иқтисодий тараққиёти юзасидан фикрлар муштарак эканлиги тасдиқланганини қайд этиш жоиз.

Хусусан, Самарқанд конференцияси иштирокчилари Афғонистонни сиёсий тартибга солишга кўмаклашиш, ушбу мамлакатдаги гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни барқарорлаштириш, шунингдек, минтақавий иқтисодий интеграцияни ривожлантириш бўйича қатор тадбирларни амалга оширишни кўриб чиқдилар.

Умуман олганда, мана шундай тадбирларнинг ташкил этилиши томонлар ўртасида конструктив мунозара юритиш учун шарт-шароит яратиш ва Афғонистоннинг янги ҳокимияти билан прагматик мулоқот ўрнатиш бўйича умумий ёндошувларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Афғонистон халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бунда Ўзбекистон Республикасининг улкан ўрни бор.

Бундан ташқари, 14 апрель куни Самарқандда “Россия – Марказий Осиё” форматидаги ташқи ишлар вазирлари йиғилишининг ўтказилиши Москванинг ушбу минтақа давлатлари билан алоқаларининг янада мустакамланиб бораётганини кўрсатади.

Бунда минтақада яхши қўшничилик муносабатларининг мустаҳкамланишига ва мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитининг яратилиши йўлида Ўзбекистоннинг нақадар муҳим ўрни мавжудилигини кўриш мумкин.