Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Россия Федерациясига (Қозон шаҳри) Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат сифатида иштирок этиш учун амалга оширган ташрифи доирасида имзоланди.

Ҳужжат кузатувчи давлат сифатида Ўзбекистон ва ЕК ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга қаратилган.
Меморандум, шунингдек, божхона ва техник жиҳатдан тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари айланмаси, транспорт, энергетика, саноат ва агросаноат мажмуаси, интеллектуал мулк ва бошқа иқтисодиёт тармоқлари каби соҳаларда ахборот алмашинувини ўз ичига олади.

Меморандум халқаро шартнома ҳисобланмайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва ЕКга молиявий ва ҳуқуқий мажбуриятларни юкламайди.

Меморандумнинг ушбу бандларини самарали амалга ошириш учун томонлар маслаҳатлашувлар ва делегациялар алмашинувини ташкил этишнинг аниқ саналарини ўз ичига олган 2021-2023 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режасини қабул қилдилар.