Ҳақиқатан ҳам, ишсиз аҳоли қатламини иш билан бандлигини таъминлашда тадбиркорлик субъектларининг ўрни беқиёс. Шу боис экспорт фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга мамлакатимизда катта эътибор қаратилиб, йирик экспорт ташкилотлари вужудга келтирилмоқда.

Бу борада тадбиркорликни янада ривожлантириш, макроиқтисодий барқарорликни жадал ушлаб туриш мақсадида жорий йил 14 январь куни “2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори имзолангани юртимизда экспорт салоҳиятини янада оширишда қўл келмоқда.

— Талаба-ёшлар ўртасида тадбиркорлик ва бизнесга оид билим-кўникмаларни шакллантириш, экспорт тушунчасини кенг ёйиш асосий мақсадимиздан бири, — деди университет ректори Қўнғиротбой Шарипов. - Бугунги кунда тадбиркорликни қўлллаб-қувватлаш, унинг илмий ва амалий мезонларини янада чуқурроқ ишлаб чиқиш, ҳаётга мустақил қадам қўяётган талабаларда тажриба ҳосил қилиш долзарб масала ҳисобланади. Айни ҳакорлик келишувимиз, ушбу масалаларни ижобий ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади.

2019 йил 23 мартдан ташкил этилган Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси, «Ўзбекистон экспортчилари» уюшмаси шаффоф мулоқот муҳитини шакллантириш, республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, чет давлатлардаги йирик корпорация ва савдо тармоқлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилгани истиқболлилиги билан аҳамиятли.

— Ассамблея мамлакатимизда миллий брендлар яратиш, маркетинг, менежмент ва бизнес доира вакиллари учун касб байрамларини ташкиллаштириш устида ишлайди, — деди ассамблея раиси Мухтор Умаров. — Яъни, иқтисодий ташкилот Ўзбекистонга инвестициялар жалб қилиш билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун хориж бозорларини ўрганиб таҳлил қилади. Шу билан бирга, бир вақтнинг ўзида ҳамкор давлатларда ўзбек маҳсулотлари учун шоурумлар ташкил этишни режалаштирган.

Дарвоқе, мамлакатимиз иқтисоди ва бизнес олами учун янгилик бўлган мазкур ассамблея ўзида 12 та маҳаллий илғор ассоциация ва миллий марказларни бирлаштиради. Унинг ўз олдига қўйган устувор вазифалари давлатимиз иқтисодиётидаги ўзгаришлар, қонунчилик ва давлат дастурларида нодавлат бизнес сектори вакилларининг иштирокини таъминлаш, уларнинг маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлар фаолиятидаги масалаларини юқори давлат ташкилотларига етказишда кўмаклашишдан иборат.

Маълумот ўрнида. Ассамблея қошида халқаро арбитраж суди, медиамарказ, тадбиркорликка тайёрлаш ва малака ошириш бўйича бизнес академия, хорижий бозорларга чиқишга мўлжалланган электрон платформа, шунингдек, IT бўлимлари ишбилармон доира вакилларига хизмат кўрсатади. 

У ўз дастурига кўра, хорижий иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, халқаро кўргазма ва бизнес форумлар ташкил этиш бўйича ҳам фаолият олиб боради. Бунда Тошкент давлат иқтисодиёт университети талаба-кадрлари билан узвий ишлаш кўзлангандан-да, юқори самара касб этади.