Она юртимизнинг узоқ ўтмиши, шонли тарихи бугунги кунда нафақат туркий элатлар, балки бутун дунё учун маълумки, бугун дунё жамияти бизни, олиб бораётган сиёсатимиз, юксалишларимиз, экспорт маҳсулотларимиз, ёинки жаҳон ареналарида қўлга киритаётган шода-шода медалларимиз билангина эмас, буюк аждодларимиз, саркарда бобокалонларимизу улуғ алломаларимиз билан ҳам эътироф этмоқдалар. Биз ана шундай бир поғонага кўтарила олган эканмиз бу мавқега эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни янада жадал суратларда амалга оширишимиз зарур.
Республикамиз яқин ўтмишдаги мустамлакадан сўнг, мустақилликдан кейинги ўттиз йил давомида босқичма-босқич ўзини англаб олишга, ривожланишга ва юксалишга ҳаракат қилди. Ўтган бу давр мустақиллик йиллари бўлса ҳам кўплаб хатолар, камчиликлар, сансалорлик, коррупция, мансабпарастлик каби турли иллатлар батамом ҳоли кечди дея олмаймиз. Аммо барибир шуниси қувонарлики, лоқайд ва беғамлардан кўра, юрагида юрт ишқи жўш урган фидоий, заҳматкаш инсонлар, ниятлари холис қолаверса машаққатли меҳнатлари сермаҳсуллиги туфайли бирдамликда жонкуяр юртбошимиз раҳнамолигида улуғ кунларга эришдик. Яқиндагина мамлакатимизда демократик ҳуқуқлар асосида Президент сайлови бўлиб ўтганидан барчамиз бирдек хабардормиз. Юртимизда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ сақланган ҳолда, тўғридан тўри яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайлов учун олдиндан катта тайёргарликлар кўрилиб, фуқаролар ўзлари танлаган номзодларга эркин овоз бериш жараёнида ҳеч қандай камчилик ва муаммоларсиз иштирок этдилар. Ўтказилган сайлов натижаларидан ҳам маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган ишларидан халқ мамнун. Сайловда яна бир бор ғалаба қозонган юртбошимиз мамлакат фуқаролари, бутун бир ўзбек халқининг ишончини қозонганидан бениҳоя хурсандлиги, ўзига билдирилган ишонч ҳиссининг нақадар кучли масъулиятли эканлигини чин дилдан ҳис қилаётганлиги «Президент қасамёди» минбаридаги сўзларидан, қолаверса яна куч-ғайрат билан бошлаб юборилган ишлардан равшан кўриниб турибди. Айни пайтда Янги Ўзбекистон келажак сари одимлар экан, ҳар кун ҳар дақиқада, ҳар бир қадамида янгиланишлар, олий мақсадлар ва албатта натижалар ҳам намоён. Олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқларни бирма-бир санаб ўтишимизнинг иложи йўқ, зеро олиб борилаётган ишларнинг ҳар бири алоҳида эътиборга лойиқдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун ва эртамиз учун шундай бир мукаммал стратегияни ишлаб чиқиб, уни маҳорат билан олиб боряптиларки, яқин келажакда бўладиган ўзгаришларни эшитиб, жараёнларга бевосита гувоҳ бўлиб, беихтиёр тўлқинланиб кетасан. Бунёдкорлик илм-фан, спорт, соғликни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳалари, айниқса эртамиз эгаси бўлган ёш авлод учун қилинаётган ишлар бирламчи ва долзарб мавзулардир. Бу ишларнинг амалдаги натижалари учун эса миллионлаб маблағлар сарфланиши ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай улкан сарф-харажатлар давлат бюджети томонидан сарфланаётган экан, ўзларига ишонч билдирилган мутасадди ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳам сидқидилдан иш олиб бориши талаб этилади. Бу масала эса юртбошимиз эътибор қаратган муҳим ишлардан бири бўлиб, бугунги кунда халқ отаси расмиятчилигини йиғиштириб, халқ орасида мулоқотда бўлиб, халқ дардини шахсан тинглаб, камчиликларни жойида ҳал этиб, лавозимларини суиистеъмол қилаётганларнинг, масъулиятсиз раҳбарларнинг ўрнини, ўз эгаларига яъни «Мана, мен халқ учун, юрт келажаги учун хизмат қиламан», — деган фидоий ходимларга бўшатиб беряпти. Шу ўринда яқиндагина бўлиб ўтган ёшлар билан учрашувларнинг бирида Президентимиз: «Мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, ҳар бир маҳалла вилоят ҳокимининг ёрдамчиси, ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади. Ёшлар сиёсати энг муҳим масалалардан бири эканлигини инобатга олиб, ушбу ёшлар Президент вакили бўлади», — деган эдилар. Ушбу ёрдамчиларнинг асосий вазифаси ҳам долзарб олиб борилаётган «Бешта муҳим ташаббус» лойиҳаси доирасида олиб борилиши, асоси эса ёшлар дастурларини шакллантиришга қаратилиши маълум қилинди. Боболаримизнинг «Қишнинг ғамини ёзда е» — қабилидаги мақоли сингари эртамиз учун бугундан ҳаракат қилиш, ҳаракатни эса тўғри йўлдан танлаш албатта самара беради. Яқин келажакда Ўзбекистон Республикаси бутун дунё андоза оладиган гўзал ва сўлим, тинч ва фаровон, ҳур диёр бўлади деб ишонамиз. Янги Ўзбекистонни эса билимли ва ҳар томонлама етук авлод билан биргаликда яшнатамиз, ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Гулноза Собирова,
Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани ҳокимининг
маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,
давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.