Булар Бухородаги “BCT Cluster”, Тошкент вилоятидаги “ТCT Cluster” ва Сурхондарёдаги “SCT Cluster” кластерларидир.  

GOTS сертификати ушбу кластерларда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотлари экологик тоза ва табиий эканлигининг халқаро даражада тан олинганини англатади.

Дарҳақиқат, GOTS сертификати олмоқчи бўлган тўқимачилик корхоналари олдига қўйиладиган асосий талаб шуки, пахта етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлашнинг барча босқичларида экологик ва ижтимоий масъулият тўлиқ бажарилиши шарт. Яъни атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган кимёвий воситалар ишлатилмаслиги, мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги, тайёр маҳсулот таркибида 70-75 фоизи органик тола бўлиши лозим.

— Буларнинг бари бизнинг кластерларда тўлиқ бажарилмоқда, — дейди Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов. — Чунки кейинги пайтда жаҳон бозорида органик пахтадан тайёрланган тўқимачилик маҳсулотларига бўлган талаб ортмоқда. Дунёнинг энг йирик халқаро брендлари ҳам босқичма-юбосқич экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқариш тизимига ўтяпти. Ўзбекистон янги бозорга кириш ва уни ўз маҳсулотлари билан тўлдириш мақсадида ўтган йилдан эътиборан “Better Cotton” дастурига ижросига расман киришди. Яъни кластерлар томонидан ҳам экология, ҳам жамият, ҳам иқтисодиёт,  ҳам  келажак учун яхшироқ бўлган “Яхши пахта” етиштириш тизимига ўтиляпти.  

Аслида, юртимизда бу борадаги саъй-ҳаракатлар анча олдин бошланган. Аниқроғи, 2019 йилда дастлаб “BСТ Cluster”, “Indorama Agro”, “Navbahor Textile” пахта-тўқимачилик кластерларида ушбу йўналишдаги пилот лойиҳага киришилди. “Better Cotton Initiative” халқаро ташкилоти кўмагида ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди. Унинг натижалари эса “Better Cotton” дастурини оммалаштириш, янги технологияни республикамиздаги бошқа кластерларда ҳам кенгроқ қўллаш имконини бераётир.

Эътиборлиси, юртимизда “Яхши пахта” ташаббуси билан чекланиб қолинмасдан, органик пахта етиштириш йўлга қўйилгани муваффақиятларнинг бош омили бўлаётир. Хусусан, GOTS сертификати берилган “BCT Cluster” кластери томонидан бу йил  230 гектар,  “ТCT Cluster” кластерида 804 гектар, “SCT Cluster” кластерида 1078 гектар ерда органик пахта етиштирилмоқда. Олинган толани қайта ишлаш, ҳатто матони бўяшда ҳам табиий бўёқлардан фойдаланилиши кўзда тутилгани таҳсинга лойиқ.

“Control Union” халқаро ташкилоти томонидан GOTS сертификатининг берилишии, шубҳасиз, бу Ўзбекистонда  қишлоқ хўжалигида экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини юмшатиш, пахта-тўқимачилик тармоғида халқаро стандартларни самарали жорий этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг яна бир юксак эътирофи бўлди. Бу, ўз навбатида, юртимиз пахта-тўқимачилик кластерларининг глобал савдо занжирига уланишини тезлаштиришга кенг йўл очади.