Илк бор ушбу конгресс 2017 йил май ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” шиори остида ўтган эди. Илк конгресс якунида дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган 300 нафардан ортиқ олим ва мутахассислар иштирокида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятини таъсис этиш бўйича декларация қабул қилинди. Ана шу масалада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатнома йўлланганди. Президентимизнинг бевосита ёрдами билан, бир қатор давлат, нодавлат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтган давр мобайнида Ўзбекистон маданий меросини тадқиқ этиш борасида жуда катта ибратли ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳасининг қамрови самадорлиги йил сайин ортиб борди.

Мазкур лойиҳадан мақсад Ўзбекистон ҳудудида яратилган ёки Ватанимизга бевосита алоқадор бўлган, вазият тақозосига кўра дунёнинг турли ҳудудларига бориб қолган, хориждаги музейлар, кутубхоналар ва шахсий коллекцияларда сақланаётган маданий мерос обидалари ҳақида маълумотлар тўплаш, уларни ўрганиш ва китоб-альбомларга киритишдан иборат. Бу йўналишдаги ишларни амалга ошириш мақсадида айни пайтга қадар дунёнинг 20 га яқин мамлакатларига илмий сафарлар уюштирилди. Турли музейлар, кутубхоналар, илмий-маърифий масканлар, шахсий коллекциялардан Ўзбекистонга алоқадор ўн мингдан ортиқ турли экспонатлар, тарихий ашёлар, амалий ва тасвирий санъат намуналари, уй-рўзғор буюмлари, қўлёзмалар аниқланди. Ушбу топилмалар ҳақида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидан 35 та китоб-альбом нашр қилинди. Ушбу китоб-альбомлар мазмунини ўзида акс эттирган ҳужжатли фильмлар яратилди ва намойиш қилинди.

Китоб-альбомларнинг тақдимот маросими нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг турли қитъаларида ўтказилди. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилган мазкур китоблар юртимиздаги ҳамда бутун дунёдаги икки юздан ортиқ кутубхоналар ва илмий-маърифий масканларга беғараз тарқатилди.

Бутунжаҳон жамиятининг конгресслари 2018 йилда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида, 2019 йилда Тошкент, Термиз, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилди. Бутунжаҳон жамияти юридик шахс сифатида 2019 йил 21 август куни Париж шаҳрида Франция Ички ишлар вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. 2019 йилнинг охирларида юзага келган коронавирус таҳликаси боис, 2020 йилнинг декабрь ойида тўртинчи конгресс карантин чекловлари доирасида, фақат Тошкент шаҳрида ўтказилди.

Бу йилги бешинчи конгресс тадбирлари 13–21 сентябрь кунлари Ўзбекистоннинг бир қанча шаҳарлари – Тошкент, Хива ва Нукусда анъанавий тадбирга айланган маданий мерос ҳафталигининг бир қатор ёрқин тадбирлари ўтказилади. Ўзбекистон маданий мероси ҳафталигининг асосий воқеаси “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидан 40 та янги китоб-алъбом тақдимотидир.

Шунингдек, меъморий ва қўлёзма асарларни асраб-авайлашнинг аҳамияти, муаммолари тўғрисида жаҳон олимларининг маърузалари тингланади. Бундан ташқари, кўргазма, тақдимот, маданий меросларга саёҳат ва бадиий дастурларни ўз ичига олади. Дастурдан Ўзбекистон маданий меросини тадқиқ этишга бағишланган 100 га яқин қизиқарли маърузалар ўрин олган.

— Биз Ўзбекистоннинг маданий меросини асраб-авайлаш лойиҳамизни қўллаб-қувватлаётган давлатимиздан миннатдормиз. Пандемия пайтида Венгрия, Россия, Буюк Британия, Франция ва бошқа бир қатор мамлакатлар мутахассислари билан яқин алоқа ўрнатишга ва самарали иш олиб боришга маваффақ бўлдик. Бунинг натижасида ноёб 40 та китоб тайёр бўлди. Мен муаллифларга тинимсиз меҳнати учун миннатдорлик билдираман ва ҳаммамиз учун қийин бўлган пайтда вафот этганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман,– дейди бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов.

13 сентябрь куни конгресснинг очилиши Тошкент шаҳрида ўтказилади. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамиятининг бешинчи конгресси иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилади. Шунингдек, бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарларининг видеомурожаатлари намойиш этилиши кутилмоқда.

Конгресснинг очилиш маросимида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов, Ўзбекистон фанлар академияси академиги, Бутунжаҳон жамияти аъзоси, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси илмий раҳбари Э.Ртвеладзе, Туркиянинг Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази (IRCICA) раҳбари, профессор М.Эрол, Австриянинг «Mueller&Schindler» нашриёт уйи вице-президенти А.Вильгельм ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистон маданий меросининг қамрови, уни тадқиқ этишнинг бугунги кундаги аҳамияти ва истиқболлари хусусида сўз юритадилар.

Шундан сўнг “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидан чоп этилган китоб-альбомларнинг 500 нусхаси тантанали равишда жаҳоннинг энг йирик музей ва кутубхоналарига тақдим этилади.

14-15 сентябрь кунлари Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданий форуми бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти рахбари Одри Азуле Ўзбекистон президентининг бу ташаббусини БМТ бош ассамблеясининг 75-сессиясида қўллаб-қувватлаб шундай деган эди: “Мен Президент Мирзиёевнинг 2021 йилда Хивада Марказий Осиё бўйича халқаро маданий форум ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлайман”.

Хива – Буюк Ипак йўлидаги энг қадимий шаҳарлардан бири бўлиб, у таълим, фан ва маданият маркази ҳамда минг йиллар давомида цивилизациялар бешиги бўлиб хизмат қилган. 1990 йилда Хиванинг ички шаҳри «Ичан-Қалъа» ЮНEСКОнинг жаҳон мероси рўйхати киритилган. Яқинлашиб келаётган Форум минтақамиз халқларининг жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳақида ҳар томонлама фикр алмашиш учун майдон бўлиб хизмат қилади.

Яна бир муҳим воқеа ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо давлатлари маданият вазирлари доимий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Унда туркий тилли давлатлар маданият вазирлари қардош халқлар ва миллатлар ўртасида дўстлик, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, муштарак меросимизни асраш ва ўрганиш, бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашадилар.

Маданий мерос ҳафталиги доирасида Ўзбекистон фуқаролари ва чет эллик меҳмонларни мамлакатимиз санъатининг ноёб дурдоналари билан таништирадиган ўндан ортиқ кўргазма ўтказиш режалаштирилган. Бу археолог, Ўрта Осиё маданияти тадқиқотчиси Леон Семёнович Баршчевскийнинг "Ўзбекистон тарихи фотосуратларда", "Марказий Осиё картографияси: фан ва геосиёсат ўртасида" фотокўргазмалари, "Ўзбекистоннинг энг сара 100 та қўлёзмалари" номли фотокўргазмалар. Риштон кулолчилик буюмлари кўргазмаси, Шаҳрисабз ва Самарқанд ёдгорликларига виртуал саёҳат “Замонавий илм-фан 3Д-технологияси”, видео-санъат кўргазмаси, Ж. Усмоновнинг “А. Навоий шеърияти” картинаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий банкининг нумизматик тўплами кўргазмалари ва бошқалардир.

Шунингдек, Маданий мерос ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидаги ўзбек санъатининг жаҳон ва мамлакатдаги дурдоналарига бағишланган 50 та ноёб китоб-альбом тўпламлар тақдимоти бўлиб ўтади. 50 та китоб-альбомлар тўпламини музейлар, галереялар, таълим муассасалари, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ва консулликларига топшириш маросими режалаштирилган.

Маданий мерос ҳафталиги иштирокчилари Нукус шаҳрига ташриф буюради ва Нукус бахши мактабида “Бахши санъатининг жаҳон маданияти цивилизациясидаги роли” халқаро илмий-назарий конференциясининг очилишида иштирок этади.

 Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан ЮНЕСКО ҳамкорлигида “Археология ва туризм: салоҳиятни белгилаш ва меросни бошқариш” мавзусида халқаро археология конференцияси ўтказилади. Иштирокчилар археологик меросни бошқариш ва геокультурал брендинг, фундаментал ва амалий фандаги археологик мерос ва бошқа долзарб масалаларни муҳокама қиладилар. Анжуман иштирокчилари, шунингдек, И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Жонбосқалъа, Элликқалъа, Тупроққалъа сингари тарихий ёдгорликларни зиёрат қиладилар.

Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги иштирокчилари бир ҳафта давомида мазкур йўналишдаги илмий анжуманларда таклиф ва мулоҳазаларини баён этиши, шу билан бирга юртимизнинг тарихий обидалари, Янги Ўзбекистонда қўлга киритилаётган ютуқлар, халқимизнинг бой ва бетакрор анъаналари, маданият ва санъатимиз, миллий пазандачилигимиз дурдоналари билан танишишлари, бир олам таассуротлар билан ўз ватанларига қайтиши кутилмоқда.