Бугун Халқаро медиа-холлдаги тадбирлар доирасида "Ўзбекистон маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳаси: тарих ва бугунги кун" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам иштирок этиб вазирликда сўнгги беш йил давомида амалга оширилган ишларга тўхталиб, қуйидагиларни алоҳида таъкидлади: Маълумки, сўнгги беш йилда маданият ва санъат соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, соҳага оид 4 та Қонун, 35 та Президент Фармон ва Қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 98 та қарор ва фармойишлари қабул қилинди. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисидаги Қонун қабул қилинди. Шунингдек, соҳа ходимлари мақомини ошириш мақсадида 15 апрелъ Маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгиланди. Республика бахшичилик санъати марказлари, унинг ҳузуридаги Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ҳамда бахшичилик ансамбллари, ўзбек миллий мақом санъати маркази, ҳудудларда намунавий мақом ансамбллари, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси, Халқаро фестиваллар дирекцияси, Баҳор давлат рақс ансамбли фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Сўнгги йилларда пойтахт ва вилоят театрларида ҳам кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди. Таъмирталаб театр бинолари капитал таъмирдан чиқарилди, янги бинолар қуриб, фойдаланишга топширилди.
Давлат театрлари томонидан 2016-2021 йилларда 66 та хорижий, 508 та маҳаллий гастроллар амалга оширилди ва театр ижодий ва техник ходимлари Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрига ва Россия Федерациясига тажриба алмашиш ва малака оширишга юборилди. 2016-2019 йилларда 4 та номоддий маданий мерос объектлари ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди.
Наврўз ва Палов маданияти ва анъаналари (2016 йил), атлас ва адрас тўқиш (2017 йил), Хоразм рақси лазги (2019 йил) номоддий маданий мерос объектлари шулар жумласидандир. Республикамиздаги 71 та болалар мусиқа ва санъат мактабларига Ўзбекистон Республикаси халқ артистлари ҳамда Хизмат кўрсатган артистлар раҳбар этиб тайинланди.
Бугун Учинчи Ренессанс номи маданият ва санъат соҳасида ҳам тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига Ўзбекистонда ва хорижда халқаро маданий лойиҳаларни йўлга қўйиш, мамлакатнинг моддий ва номоддий маданий меросини сақлаш, замонавий санъатни ривожлантириш ҳамда мумтоз санъат ва анъанавий ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш каби вазифалар белгиланган. Жамғарма Ўзбекистонда доимий равишда маданият, санъат, адабиёт, театр, мусиқа, архитектура ва хореографияни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни илгари суриб келмоқда.
Шунингдек, Жамғарма томонидан Ўзбекистон музейлари реновацияси ягона дастури амалга оширилмоқда. Дастур доирасида музейлар инфратузилмаси такомиллаштирилмоқда, мавжуд коллекцияни бойитиш ва реставрация қилишда, кадрлар салоҳиятини ўстиришда инновациялар жорий этилмоқда Маданият соҳасидаги бу каби ташаббуслар яқинда Хива шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё жаҳон цивилизацияси чорраҳасида форумида халқаро илмий ҳамжамият томонидан юқори баҳоланди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳаси бўлган, бугун эса янги Ўзбекистонга айланаётган юртимиз тараққиётига маданият соҳасидаги туб ўзгаришлар ҳам сезиларли ҳисса қўшмоқда. Буни давра суҳбатида сўз олган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси раҳбари Ш.Миноваров, ЭОАВМА раиси Ф.Абдуҳолиқов ва бошқалар ҳам айтиб ўтдилар.
Муножат Мўминова,
Янги Ўзбекистон мухбири