Жорий йилнинг 8-15 сентябрь кунлари Кореянинг Гвангжу шаҳрида Корея армияси Махсус операция кучлари қўмондонлиги томонидан ташкил этилган "II Халқаро мерганлар мусобақаси" да Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг мерганлар терма жамоаси иккинчи маротаба иштирок этди.
Мазкур мусобақада 10 та давлатдан жами 54 та мерганлар жамоаси қатнашди.
Мусобақа шартлари тунги ва кундузи вақтда бажариладиган махсус тактик машқлардан иборат бўлиб, унда жамоалардан пистолет, автомат ва мерганлик қуролларидан моҳирона фойдаланган ҳолда шаҳар, тоғ ва ўрмон шароитида турли масофадаги нишонларга аниқ ўқ отиш талаб этилди.
Ўзбекистон жамоаси мусобақанинг якуний натижасига кўра хорижий давлатлар (Ўзбекистон, АҚШ, Германия, Руминия, БАА, Қатар, Ветнам, Таиланд, Мўғулистон) нинг 16 та мерганлар жамоаси орасида фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.
1-ўрин: Ўзбекистон - 539.5 балл
2-ўрин: Ветнам - 534.7 балл
3-ўрин: АҚШ - 519.0 балл
Эслатиб ўтамиз, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоа 2024 йилда ўтказилган "I Халқаро мерганлар мусобақаси"да фахрли иккинчи ўринни қўлга киритган эди.