Шу мақсадда Ўзбекистон дипломатлари жорий йилнинг 15 августида Челябинск ва Курган шаҳарларига амалга оширган ташрифлари доирасида “Метрополис” савдо тармоғи (Челябинск, Курган ва Уфадаги 100 га яқин озиқ-овқат дўконларига эга) раҳбари Максим Славин билан учрашув ўтказишди.

Учрашув натижасида Фарғона вилояти Қува тумани Бўстон қишлоқ фуқаролар йиғинидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига ихтисослашган «Умид агро» МЧЖ билан “Метрополис” савдо тармоғи ўртасида алоқалар йўлга қўйилди.

Икки ширкат ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида 17 августда “Метрополис” савдо тармоғига қарашли “Перекресток” МЧЖ ва «Умид агро» МЧЖ ўртасида 500 миллион рубль миқдорида шартнома имзоланди.

Жорий йилнинг 29 августида 20 тонна нектарин навли шафтоли ортилган биринчи юк машина Курган шаҳрига кириб келди ва “Перекресток” МЧЖга қарашли омборхонага туширилди.

«Умид агро» МЧЖ муассисларидан бири Акмалжон Йигиталиевнинг маълум қилишича, навбатдаги юк машинаси кеча Фарғонадан Курганга қараб йўлга чиққан.

Ўзбекистон мевалари буганнан бошлаб Курган, Челябинск ва Уфа шаҳарларининг савдо расталарида сотила бошлайди.