Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълумотига кўра, ушбу фейк хабар бундан бир йил аввал пандемия даврида 2021 йил июль ойида эълон қилинган маълумот қайта, яъни такроран тарқатилмоқда. Жорий йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши бундай фатво чиқармаган.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш кўрсаткичларида ўзгаришлар бўлаётган бўлса-да, лекин оммавий тадбирларни чеклаш юзасидан Республика махсус комиссиясининг қарори эълон қилингани йўқ.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2022 йил 1 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарор имзоланди. Унга кўра жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 9 июль – шанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарор инобатга олиниб, мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда Қурбон ҳайити халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириши белгиланди.