Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ташқи савдо департаменти раҳбари Иномжон Абдураҳмонов нега мамлакат пахта импорт қилаётгани, бу жараёнда нима сабабдан АҚШ пахтаси танланганига ойдинлик киритди.
Тўқимачилик саноатининг жадал ўсиши
Унинг қайд этишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон тўқимачилик саноатида ижобий ўзгаришлар рўй берди: 2017 йилдан буён пахта ипи ишлаб чиқариш ҳажми 412 минг тоннадан 970 минг тоннагача, трикотаж мато ишлаб чиқариш 68 минг тоннадан 312 минг тоннагача, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш эса 960 миллион донадан 3,1 миллиард донагача ошди. 2016 йилда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспорти қарийб 1,1 млрд долларни ташкил қилган, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 2,8 млрд долларга етди.
Ҳозир Ўзбекистонда етиштирилган пахта ҳосилининг барчаси маҳаллий корхоналарда қайта ишланиб, пахта толаси ички қайта ишлаш даражаси 100 фоизга етган. Ўзбекистон тўқимачилик фабрикаларининг маҳсулотлари 75 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.
Эндиликда Ўзбекистон тўқимачилик саноати АҚШ ва Европа Иттифоқининг премиум бозорларида ўз ўрнини мустаҳкамлаши лозим, дейди Абдураҳмонов. «Бу бозорларда юқори сифат стандартлари, хомашёнинг келиб чиқишини кузатиш имконияти (traceability) ва ишлаб чиқаришнинг экологик барқарорлиги муҳим аҳамиятга эга. Бундай глобал брендлар талабларига мос келиш учун фақат ички имкониятлар етарли бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли махсус навли пахтани импорт қилиш зарурати юзага келган».
Импорт — қўшимча имкониятлар учун
Ўзбекистон ҳар йили 1−1,15 млн тонна пахта толаси ишлаб чиқаради ва бу ҳажмнинг барчаси маҳаллий фабрикаларда қайта ишланмоқда. Фабрикаларнинг ўртача қувватдан фойдаланиш даражаси ҳозирча 75 фоиз атрофида.
«Бу эса тармоқда фойдаланилмаган қувватлар мавжудлигини англатади ва уларни айнан қўшимча хомашё ҳисобига ишга солиш мумкин. Импорт қилинадиган пахта фақат юқори сифат ва сертификатлашнинг халқаро стандартлари талаб қилинадиган ишлаб чиқариш линиялари ва шартномаларга йўналтирилади. Шундай қилиб, ташқи бозордан пахта хариди маҳаллий фермерларга рақобат туғдирмайди (уларнинг маҳсулоти аллақачон тўлиқ истеъмол қилинмоқда), балки сифатнинг янги босқичига чиқиш учун мақсадли восита бўлиб хизмат қилади», — деди у.
Жаҳон етакчилари тажрибаси
Унинг қайд этишича, мамлакатларнинг ўз хомашёсини импорт билан уйғунлаштириш стратегияси аслида янгилик эмас — уни етакчи тўқимачилик давлатлари муваффақиятли қўллаб келмоқда. У мисол сифатида Туркия, Бангладеш, Вьетнам, Ҳиндистон, Индонезия, Камбоджа, Мексика ва Хитойни келтирди, улар ҳар йили АҚШ, Бразилия, Австралия ва Африка давлатларидан катта ҳажмда пахта импорт қилмоқда.
Таъкидланишича, муайян навли пахтани импорт қилиш орқали ушбу давлатлар ўз маҳсулотларини қўшимча қиймат берадиган махсус ёрлиқлар билан белгилаш имкониятига эга бўлади. Жаҳон бозорининг премиум сегментларига чиқиш стратегияси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган Made with U.S. Cotton ташаббуси халқаро сифат талаблари, келиб чиқишини кузатиш ва экологик барқарорлик стандартларига мос маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган.
Америка пахтасининг афзаллиги
Иномжон Абдураҳмоновга кўра, АҚШдан келадиган пахта толаси барқарор юқори сифати билан машҳур бўлиб, U.S. Cotton Trust Protocol — етказиб бериш занжирини стандартлаштириш ва кузатишнинг замонавий тизимига мос келади. Сертификатланган америка хомашёсидан фойдаланиш якуний маҳсулотни Made with U.S. Cotton нуфузли ёрлиғи билан белгилаш ҳуқуқини беради. Бир қатор йирик брендлар учун бу шунчаки маркетинг эмас, балки ҳамкорликнинг мажбурий шартидир, дейди у. «Масалан, Levi’s, Ralph Lauren, PVH, Puma, Gap, Tesco каби компаниялар коллекцияларнинг бир қисми ушбу дастурга кирувчи пахтадан тайёрланишини талаб қилади. Америка пахтасини харид қилиш ўзбек фабрикаларига илгари имкони бўлмаган глобал брендлар билан шартномалар тузиш йўлини очади».
Ўзбекистон сотиб оладиган пахта нави — Strict Middling.
«Бу ўзига хос хусусиятларга эга юқори навли пахта навидир. Толаси узун ва қалин, бир хил очиқ ва тоза рангларда. Айнан шундай пахта кўплаб брендларнинг премиум кийимлари учун талаб қилинади. Уни ҳар қандай хомашёдан олиб бўлмайди — у маълум шароитларда етиштирилган ва қайта ишланган бўлиши керак. Жаҳон бозорида бу навнинг ишончли етказиб берувчилари сифатида АҚШ, қисман Австралия ва Бразилия тан олинган. Ўзбекистон учун эса АҚШдан Strict Middling партиясини импорт қилиш миллий тўқимачилик саноати нуфузини ошириш ва премиум сегментга чиқиш йўлидаги бевосита қадам ҳисобланади», — деди департамент раҳбари.
Молиявий жиҳат
Америка пахтасини харид қилиш АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг GSM-102 дастури доирасида режалаштирилмоқда. Бу кредит кафолатлари механизми бўлиб, унга кўра, ўзбек корхоналари хомашёни 12−18 ойгача тўловни кечиктириш шарти билан олиши мумкин. Амалда, америка томони битим суммасининг 98 фоизигача бўлган қисмини суғурталайди ва ишлаб чиқарувчиларга пахтадан фойдаланиш, кейин эса келажакдаги экспорт тушумидан қийматини тўлаш имконини беради.
«Бундай схема ривожланаётган бозорлар учун фойдали ва мослашувчан бўлиб, кўплаб мамлакатлар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишда кенг қўлланади. Ўзбекистон учун GSM-102`да иштирок этиш компаниялар айланма маблағларига дарҳол юклама туширмасдан, юқори сифатли хомашёга имтиёзли молиявий шароитлардан фойдаланишни англатади», — деди Абдураҳмонов.
Қўшимча қилинишича, GSM-102 каби импортни молиялаштириш схемалари корхоналарни бозор хавфларидан ҳимоя қилади. АҚШ ҳукумати кафолатлари тўловсиз қолиш мумкин бўлган ҳолатларнинг катта қисмини қоплайди, узоқ муддатли тўлов эса нарх ва талаб тебранишларини юмшатади. Натижада ўзбек ишлаб чиқарувчилари иш режаларини қўрқмасдан туза олади, шартномаларни бажариш учун зарур хомашёга эга бўлишини билади ва шунга мослашиб, пул оқимларини бошқаради.
«Strict Middling навини ўзимизда етиштириш имкони йўқ»
Биринчидан, бутун тармоқ эҳтиёжини фақат маҳаллий хомашё ҳисобидан қоплаш учун пахта экиладиган майдонларни кескин кенгайтириш ва ҳосилдорликни сезиларли ошириш зарур бўлади. Бундай агротехнологик ўзгаришлар тез амалга оширилмайди — мутахассислар баҳосига кўра, бунга камида 5 йил давомли тинимсиз меҳнат керак бўлади.
Иккинчидан, ва энг асосийси, Strict Middling нави фақат муайян табиий-иқлим шароитларида ва толани қайта ишлаш технологияларида ҳосил бўлади. Пахтанинг сифати — унинг узунлиги, мустаҳкамлиги, бир хиллиги ва ранги — бевосита иқлимга, қуёш нури миқдорига ва ҳосил пишиш ҳамда йиғим-терим давридаги намлик даражасига боғлиқ. Ўзбекистон ўртача навли пахта етиштириш учун қулай иқлимга эга, аммо энг юқори нав учун зарур бўлган шароитларни табиатан таъминлаш қийин.
Глобал имиж ва интеграция
Иномжон Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, агар Made with U.S. Cotton ёрлиғига эга ўзбек маҳсулотлари АҚШ ва Европа Иттифоқи дўконларида пайдо бўлса, бу бошқа глобал чакана савдо тармоқлари ва дистрибьюторларнинг ишончини оширади.
«Стратегик жиҳатдан бундай қадам мамлакатнинг глобал таъминот занжирларига интеграциялашишига ёрдам беради. Ўзбекистон сўнгги йиллардаги ислоҳотлар, пахта плантацияларида мажбурий меҳнатдан воз кечилиши ва бизнес муҳитининг яхшиланиши туфайли жаҳон тўқимачилик саноати харитасида тобора сезиларли ўрин эгалламоқда. Юқори сифатли хомашё импорти ва халқаро барқарорлик протоколларига (масалан, U.S. Cotton Trust Protocol) риоя қилиш Ўзбекистон тўқимачилик секторини замонавий, масъулиятли бизнес юритувчи ўйинчи эканини тасдиқловчи яна бир далил бўлади. Бу янги инвесторлар ва буюртмаларни жалб этади: мамлакат аста-секин глобал брендлар ишлаб чиқаришни жойлаштириши ва унинг самарадорлиги ҳамда стандартларга мослигига ишонч ҳосил қилиши мумкин бўлган минтақавий сорчинг-ҳабга айланади».
Кийим-кечак экспортчилари олдинги қаторларида бўлиш Ўзбекистоннинг экспорт обрўси юксалишига олиб келади. Бу эса логистика ва дизайнга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Nike ёки H&M каби брендлар учун етказиб берувчи бўлиш — бу «юқори лига»да ўйнаш демакдир, ва бундай даражадаги реклама жуда катта аҳамиятга эга. Шу тариқа, Ўзбекистон иқтисодиётни диверсификация қилиш бўйича давлат устувор йўналишларига мос равишда хомашёга боғлиқ бўлмаган экспортнинг узоқ муддатли ўсиши учун пойдевор яратмоқда», деди у.
Абдураҳмоновга кўра, бу ерда гап Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларининг жаҳоннинг премиум бозорларидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик қадам ҳақида кетмоқда.