Мазкур мусобақанинг аҳамиятли жиҳати, унда ғолиблар Халқаро сув спорти турлари федерацияси томонидан Токио-2020 лицензияси учун қимматли рейтинг очколарига эга бўлди.

Очиқ чемпионатда Ўзбекистон сув спорти усталари билан бир қаторда Қирғизистон ҳамда Чехия терма жамоалари ҳам иштирок этишди.

Мусобақанинг сўнгги куни ҳам вакилимиз учун омадли келди. Бу ҳақда Ўзбекистон сузиш федерацияси матбуот хизмати маълум қилди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Владислав Мустафин вақт синовини (тиме триал)* муваффақиятли бажарди. Ҳамюртимиз 100 метр масофага брасс усулида сузиш бўйича 59,89 натижа қайд этди ва Олимпиада талабини бажарди. Мазкур йўналишда Олимпия ўйинлари учун квалификация вақти 59.93 сонияни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг биринчи кунида яна бир ҳамюртимиз Хуршид Турсунов 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсида Олимпиада нормативини бажарган эди.

Энди мусобақанинг расмий натижалари Халқаро сув спорти федерациясига тақдим этилади. Ташкилот натижаларни тасдиқлагач, ҳамюртларимизни Токио-2020 йўлланмаси қўлга киритилганлиги билан тақдирлашимиз мумкин бўлади.

Мусобақа ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳам иштирок этди.