Тадбирнинг ялпи мажлисида UNESCO бош директори Одри Азуле ташкилот фаолияти ҳақида сўз юритар экан, келгуси йил иккинчи муддатга UNESCO Бош директорлигига ўз номзодини илгари суриш истаги ҳақида расман эълон қилди. UNESCO’нинг Ўзбекистондаги миллий комиссияси раиси, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, ялпи мажлисда мамлакатимизнинг UNESCO’даги доимий ваколатхонаси вакили ҳам иштирок этиб, Ўзбекистон томон Одри Азуле номзодини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Ўзбекистон томони UNESCO Бош директорининг иккинчи муддатга сайланишга оид ташаббусини маъқуллаши ва 2021 йилнинг ноябрь ойида бош конференция 41-сессияси доирасида бўлиб ўтадиган сайловларда унинг номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлаши таъкидланди. Одри Азуле Ташкилотни самарали ва профессионал тарзда бошқариб, халқаро ҳамжамиятни мураккаб дамларда, жумладан, бугунги пандемия шароитида ўзаро мулоқот, англашув ва тинчликни тарғиб қилиш орқали бирлаштира олгани алоҳида қайд этилди. Тадбир доирасида мамлакатимизнинг UNESCO’даги вакили Ташкилот тўғри йўлда эканлиги ҳамда Ўзбекистон келгусида ҳам унинг шу йўсинда ривожланиши тарафдори экани қўшимча қилган. Хусусан, Азуленинг маърузасида илгари бутун дунёда таълим, илм-фан, технологиялар ва ахборот олиш кўламини янада кенгайтирувчи, шунингдек атроф-муҳит билан янада хавфсиз ва самарали мулоқот қилиш усулларини ишлаб чиқишни ҳамда инсоннинг асосий ҳуқуқларини тарғиб қилиш орқали адолатли ва тинчликсевар жамиятни яратишга доир саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи стратегик мақсадлар сурилган таклифлари алоҳида эътироф этилди.

Ялпи мажлис давомида Ўзбекистоннинг UNESCO билан ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболларига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018-2019 йилларда Париж ва Самарқанд шаҳарларида Одри Азуле билан учрашуви икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва уни аниқ мазмун билан бойитишга катта туртки бергани таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон ташкилотнинг сўз эркинлигини ҳимоя қилиш, ахборот олиш имкониятини кенгайтириш ва жамиятда мустақил оммавий ахборот воситаларининг ролини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Келгуси йилда Ўзбекистон Республикаси БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли қарори қабул қилинганидан кейинги Халқаро ахборотдан эркин умумфойдаланиш кунига бағишланган биринчи UNESCO умумжаҳон конференциясига мезбонлик қилишига алоҳида урғу берилди. Шу билан бирга, Ташкилотнинг Таълим секторига сўнгги йилларда янги лойиҳалар тўпламини биргаликда ишлаб чиқиб, йўлга қўйгани учун алоҳида миннатдорчилик билдирилди. Иштирокчиларнинг эътибори, шунингдек, миллий ва минтақавий даражаларда ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва жамиятнинг барқарорлигини ошириш учун Ўзбекистон томонидан маданий ифодалашнинг турли шаклларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қаратилди.

Шу ўринда UNESCO раҳбариятига Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилда Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Хива шаҳрида "Марказий Осиё цивилизациялар чорраҳасида" халқаро маданий форумини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирилди. Тадбир якунига кўра, мамлакатимизнинг ноёб моддий ва номоддий маданий меросини тарғиб қилиш соҳасида Ўзбекистон томоннинг Ташкилотга аъзо давлатлар ва UNESCO Котибияти билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга тайёр эканлиги қайд этилди. Ўзбекистон вакили "Бахши санъати"ни Инсониятнинг номоддий маданий меросининг Репрезентатив рўйхатига киритиш ва "Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум йўлаги" трансмиллий файлини Жаҳон мероси рўйхатига киритиш масаласида ҳамкорларнинг қўллаб-қувватлашига катта ишонч билдиришини таъкидлади.