Делегациянинг ташрифи АҚШ Конгресс кутубхонаси қошидаги парламент дипломатиясини ривожлантиришга ихтисослашган “Очиқ дунё” етакчилик маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Сенаторлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари АҚШ Конгрессида америкалик ҳамкасблари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди, шунингдек, Ваёминг штатига ташриф буюриб, маҳаллий ҳокимият органлари фаолияти билан танишди.

Мулоқотлар давомида АҚШ томонига Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини, давлат бошқаруви шаффофлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, хусусий мулк ва хорижий инвесторларни ҳимоя қилиш, шунингдек, иқтисодиётни либераллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Конгресс аъзолари Т.Келли, В. Гонсалес ва К.Миллер билан бўлиб ўтган мулоқотда икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳамда “Ўзбекистон бўйича Кокус” доирасидаги ўзаро ҳамкорлик, жумладан, парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама этилди.

Суҳбат чоғида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг бошқа қўмиталари аъзоларини Кокус фаолиятига жалб этиш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Шу билан бирга томонлар ихтисослашган қўмиталар ва икки мамлакат парламентлари палаталари девонлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш орқали ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашдилар, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.