Делегациянинг ташрифи Конгресс кутубхонаси қошидаги парламент дипломатиясини ривожлантиришга ихтисослашган «Очиқ дунё» етакчилик маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси вакиллари АҚШда бўлиш доирасида Аёва штати пойтахти Де-Мойн шаҳрида бўлиб, у ерда минтақа губернаторлиги, Олий суд, Солиқ бошқарувида, Аёва штатининг Ахборот эркинлиги кенгашида, Иқтисодий ривожланиш бошқармасида, Де-Мойн полицияси бош бошқармасида учрашувлар ўтказди.

Шунингдек, АҚШ Конгрессида америкалик қонун чиқарувчилар билан музокаралар олиб борди. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасида Ўзбекистон-Америка муносабатларини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, Аёва штати пойтахти ҳокими билан музокаралар чоғида Ўзбекистон парламент делегацияси шаҳарсозлик, «ақлли» шаҳарлар ва замонавий сув ва энергия таъминоти тизимларини яратиш бўйича АҚШ тажрибаси, шунингдек, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш шароитини яхшилаш соҳасида ҳокимлик ва маҳаллий қонун чиқарувчи орган ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик амалиёти билан танишди.

Ўз навбатида, штат Олий суди аъзолари билан учрашув доирасида Олий Мажлис вакиллари АҚШ суд-ҳуқуқ институтлари фаолияти, судлар мустақиллигини таъминлаш ва судьяларнинг малакасини ошириш тизими билан яқиндан танишди.

Ўзбекистон қонун чиқарувчилари маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалалари билан шуғулланувчи АҚШ давлат аудитори билан ҳам конструктив мулоқот ўтказди. Ўзбекистон томони маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий операцияларини текшириш тизими ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда уни эрта олдини олиш механизмлари билан таништирилди.

Аёва штати Давлат котиби Пол Пейт билан алоҳида музокаралар ўтказилди, унда томонлар ушбу штат билан яқин алоқалар ўрнатиш истиқболларини муҳокама қилди. Иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда ҳам бўлиб, у ерда АҚШ Конгрессидаги «Ўзбекистон бўйича кокус»нинг ҳамраиси, республикачи конгрессмен Трент Келли (Миссисипи) билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.