Бу ҳақида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Покистон Ислом Республикаси Савдо-саноат палаталари федерацияси Президенти Миан Нассер Хайт Магго ҳамда икки мамлакат вазирлик-идоралари, ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этган тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов олиб борди.
Томонлар Ўзбекистон-Покистон ўртасида инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталди. Учрашув давомида меҳмонлар Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятига оид тақдимот материаллари ва мамлакатимизда бизнес юритиш учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков ўз нутқида сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ва ҳамкорлик фаол ривожланиб бораётганини, пандемияга қарамай, ўзаро савдо ҳамда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги қўшма бизнес лойиҳалар сони тез суръатлар билан ўсиб бораётганини таъкидлаб ўтди. Доимий ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга асос бўлишини қайд этди.
Покистон Ислом Республикаси Савдо-саноат палаталари федерацияси президенти Миан Нассер Хайт Магго эса бугунги учрашув кучли ишбилармонлик майдонига айланишига, чуқур ҳурмат ва самимий дўстлик тамойилларига асосланган Ўзбекистон ва Покистон ишбилармон доиралари ўртасидаги муносабатлар янги бошланғич нуқтани белгилашига ишонч билдирди.
Тадбир якунида Ўзбекистон ва Покистон хусусий сектор вакиллари икки мамлакатда қўшма лойиҳаларни янада ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшиш истакларини билдирдилар.
Маълумот учун, юртимизнинг айни пайтдаги меҳмон давлат билан 2021 йил январ-май ойларидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 69,4 миллион долларни ташкил этди.