Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси Осиё WBC бокс иттифоқига, бу эса ўз навбатида автоматик тарзда Бутунжаҳон бокс уюшмаси (WBC)га қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
“Биз улкан мамнуният ила Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг сафимизга расман қабул қилинганини эълон қиляпмиз. WBC ва Ўзбекистон ўртасида кенг қамровда ҳамкорлик ўрнатилади. Истеъдодли, келажаги порлоқ сифатида қаралаётган профессионал боксчиларга WBC шафелигида ўтказиладиган минтақавий чемпионатлар, бокс оқшомларида иштирок этиш учун амалий кўмак берилади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида ҳам WBC байроғи остидаги бокс кечалари ўтказилади”, дейилади WBC-ABC президенти Ковит Бхакдибхуми томонидан имзоланган мактубда.