Тадбирда сўз олган университет ректори О. Ҳамидов “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган юртдошларимизнинг ҳар бири ўз соҳасининг етук билимдони эканлиги, йўналишида ўзига хос мактаб яратгани, уларнинг ҳаёт йўли бошқалар учун ибрат бўлиши ва бу йўналишда давлатимиз томонидан соҳада яратилган мавжуд имкониятлар хусусида сўз юритди.
Самимий мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда қаҳрамонлар ўзининг ҳаёт йўли, жумладан, талабалик йиллари ҳақида гапириб, ёшларни Ватанни севишга, ҳозирда яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланишга ва Ватан равнақи йўлида фидоий бўлишга чақиришди. Хусусан, Азим Латипов ва Муҳаммад Аҳмедовлар пухта билим ва кўп йиллик тажриба деҳқончилик билан шуғулланадиган ҳар бир соҳа ходими, деҳқон учун зарур хислатлар эканига алоҳида тўхталган бўлишса, уста ҳунарманд Муяссар Темирова Бухоронинг қадимий зардўзчилик анъаналари, уни давом эттириш борасида гапирди.
— Бухоро давлат университети буюк фан дарғаларига, номдор академик ва профессорлар, истеъдодли олимларга, таниқли ёзувчи ва шоирларга бешик бўлган муборак даргоҳдир, – дея мамнуният билан таъкидлайди Муҳаммад Аҳмедов. — Ўзим 1978 йили муваффақиятли битирганман. Бундан ҳозиргача фахрланаман ва Сиз ёшларимизни талабалик бахти билан қутлайман. Ҳаётда нимага эришган бўлсам, шу қутлуғ дорулфунунда олган билимим, ҳаётий тажрибаларим шарофатидан деб биламан...Қаҳрамонлар учрашув қатнашчиларининг саволларига батафсил жавоб қайтарди.
Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати