Барчамизга яхши маълумки, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табригида соҳа ходимлари ва фахрийларининг шу йўлдаги хизматлари муносиб баҳоланиб, олдимизда турган муҳим масалалар аниқ кўрсатиб берилди.
Ҳеч шубҳасиз, биз буларнинг барчасини прокуратура органлари фаолиятига берилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодаси сифатида қабул қиламиз ва ана шу ишончни оқлаш учун бундан буён ҳам бор куч-ғайратимиз, билим ва тажрибамизни сафарбар этамиз.
Азиз ватандошлар!
Ҳозирги вақтда Президентимиз томонидан қонунлар қоғозда эмас, амалда қатъий бажарилиши, ислоҳотлар ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳаллага кириб бориши, юртдошларимиз уларнинг амалий самарасини кундалик ҳаётида доимо ҳис қилиши зарурлигига муҳим эътибор қаратилмоқда.
Албатта, ана шундай натижаларга эришишда прокуратура органлари ходимлари алоҳида жонбозлик кўрсатиб, барча соҳа ва тармоқларда қонунийликни таъминлашда ўрнак ва намуна бўлишлари жуда муҳимдир.
Биз буни чуқур англаган ҳолда, ўз ишимизни янгича асосда ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирларни аниқ белгилаб олдик.
Аввало, халқимизга янада яқин бўлиб, мамлакатимизда қонун ва адолат устуворлигини, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш фаолиятимизнинг асосий мезони бўлади.
Айниқса, жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни тезкорлик билан бартараф этиш, муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича белгиланган вазифалар ижроси прокуратура органларининг доимий эътиборида бўлиб қолади.
Маҳаллалар даражасига тушиб, юзага келаётган муаммоларни маҳалла аҳли билан бамаслаҳат ва биргаликда ҳал қиламиз.
Айниқса, барчамизнинг кундалик ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган таълим, тиббиёт ва коммунал хизмат соҳаларида ўз ечимини топмаган масалаларнинг сабабларини аниқлаб, уларни алоҳида ёндашув асосида ҳал этиш бўйича қатъий назорат ўрнатилади.
Аҳоли бандлиги, янги иш ўринларини яратишга қаратилган дастурлар ижросини таъминлаш, экологик муҳитни, табиий бойликлар ва маданий меросимизни асраб-авайлаш борасидаги ишларимиз жадал давом эттирилади.
Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида жисмоний ва маънавий етук ёш авлодни тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, навқирон ўғил-қизларимиз илгари сураётган ташаббусларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Аҳоли, айниқса, ёшларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, янгиланган Конституциямиз ва қонунларимизга ҳурмат ва эътибор туйғусини янада кучайтириш, ҳар бир юртдошимизнинг уларга қатъий амал қилиб яшашини таъминлаш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини сифат жиҳатидан янги босқичига олиб чиқамиз.
Мамлакатимизда қулай бизнес муҳитини яратиш, тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувлар ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ишларни янада кучайтирамиз.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир дастурлар ижроси алоҳида назоратга олиниб, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш, талон-торож қилинишининг олдини олиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Тегишли вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашишга янада катта аҳамият берамиз.
Бунда асосий эътиборни жиноятнинг оқибатига қарши курашишга эмас, аввало, уни келтириб чиқараётган омиллар ва сабабларга барҳам беришга қаратамиз.
Албатта, ҳаётимизда коррупция ҳолатлари борлиги барчамизни қаттиқ ташвишга солади. Жамиятимизда бу иллатга қарши муросасизлик муҳитини шакллантириш ва қатъий кураш олиб бориш келгусида ҳам прокуратура органларининг биринчи навбатдаги иши бўлиб қолади.
Бу борада давлат идораларида коррупция ҳолатларининг барвақт олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун вазирлик ва идораларнинг ички назорат тузилмалари иши янада кучайтирилади, соҳа ва тармоқлар фаолиятини рақамлаштиришга доир вазифалар ижроси қатъий назоратга олинади.
Энг муҳими, бу йўналишдаги ҳар бир хабар ва маълумотлар тезкорлик билан ўрганилиб, кескин чоралар кўриб борилади.
Коррупция билан боғлиқ ҳар бир жиноятни ўз вақтида аниқлашда биз маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар ва нуроний ташкилотлари фаолларига, турли меҳнат жамоаларидаги жонкуяр ва ватанпарвар инсонларга, уларнинг амалий ёрдами ва ҳамкорлигига таянамиз.
Биз ҳаётимизни жиноятчилик ва коррупциядан холи қилишда катта билим ва тажрибага эга бўлган прокуратура фахрийларининг салоҳиятидан ҳам кенг фойдаланамиз.
Бу борада нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан яқин ҳамкорликни кучайтирамиз.
Биз мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар талабидан келиб чиққан ҳолда, барча даражадаги прокуратура органлари фаолиятини танқидий-таҳлилий баҳолаб, аниқланган муаммоларни тезкор ҳал этиб боришни тизимли асосда йўлга қўямиз.
Бу жараёнда сафларимизда фақат ва фақат ҳалол ва пок, жонажон Ўзбекистонимизга садоқатли ва фидойи ходимлар ишлашига биринчи даражали эътибор қаратамиз.
“Янги Ўзбекистон прокуратураси ходими” деган юксак мақомга доғ туширадиган, нопок, зиммасидаги вазифа ва ваколатларни суиистеъмол қиладиган, фуқаролар билан беписанд ва қўпол муомалада бўладиган, бефарқ ва лоқайд кимсалар орамизда бўлмаслиги учун энг кескин чораларни кўрамиз.
Прокуратура органларига мамлакатимиздаги тарихий ўзгаришларни чуқур англайдиган, замонавий фикрлайдиган, билимли, ватанпарвар ва изланувчан ёш кадрларни хизматга олиш, барча мутахассис ва ходимларимизни чинакам қонун ва Ватан ҳимоячиси этиб тарбиялашга устувор аҳамият берамиз.
Олдимизда турган вазифалар ижроси прокуратура органлари фаолиятини рақамлаштириш, ушбу тизимга замонавий илм-фан ва амалиёт ютуқларини кенг жорий этиш, ходимларнинг билим даражасини ошириш билан боғлиқ. Шу боис, бу борада ҳам катта ишларни амалга оширамиз.
Ана шу ғоят муҳим ва долзарб вазифаларни самарали амалга ошириш ва соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда Бош прокурор сифатида мен бутун масъулият ва жавобгарликни ўз зиммамга оламан.
Ишончим комил, ўз ҳаётини қонун ва адолатни таъминлашдек ғоят олийжаноб ишга бағишлаган ҳар бир прокуратура ходими бугунги кунда зиммасидаги вазифани юксак масъулият ва ватанпарварлик туйғуси билан адо этишни ўзи учун улкан шараф деб билади.
Биз ана шундай фидокорона меҳнатимиз билан янги Ўзбекистонни – ҳар бир юртдошимиз эркин ва фаровон яшайдиган давлатни барпо этишга муносиб ҳисса қўшамиз.
Қадрли юртдошлар!
Прокуратура идоралари “Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар” деган эзгу тамойил асосида мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда қонунийликни таъминлашда, биринчи навбатда, халқимизнинг қўллаб-қувватлашига таянади.
Халқ ва давлат манфаатларини биринчи ўринга қўйиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида таъминлаб, прокуратура органларини чинакам халқчил тузилмага айлантириш – бизнинг асосий мақсадимиздир.
Юртимиздаги барча қонун посбонлари, нуроний отахон ва онахонларимиз, меҳрибон опа-сингилларимиз, турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган фидойи ишчи ва хизматчилар, моҳир тадбиркорлар, миришкор деҳқон ва фермерлар, навқирон ёшларимиз, ижодкор зиёлиларимиз, бутун халқимиз билан биргаликда иш олиб бориб, ана шундай эзгу мақсадларимизга, албатта эришамиз, деб ишонаман.
Азиз юртдошлар, келинг, барчамиз шу йўлда Президентимизга камарбаста бўлиб, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган жамиятни биргаликда барпо этайлик!
Ниғматилла ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори